Хотин-қизлар ҳуқуқлари доимий ҳимояда

Фото: interpress.uz

Мамлакатимиз хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳудудларда зўрликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича 155 та марказ, “Ишонч телефонлари” ташкил этилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг айтишича, шунингдек ўтган қисқа даврда юртимизда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилди. Ушбу тизим асосида 2018 йилда 47 минг 690 нафардан ортиқ оғир шароитда яшаётган, шунингдек, 13 минг 344 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг муаммолари жойида ўрганилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ана шундай хотин-қизларнинг 14 минг 750 нафардан зиёдига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 636 нафари ишга жойлаштирилди, 24 минг 660 нафардан ортиғига 21 миллиард 540 миллион сўмга яқин моддий ёрдам берилди. Шу тоифага мансуб, уй-жойга эҳтиёжи бўлган опа-сингилларимизга 4 мингга яқин арзон уй-жойлар топширилиб, давлат томонидан уларнинг бошланғич бадаллари тўлаб берилди. Ана шу турар жойлар атрофида тикувчилик цехлари ташкил этилиб, қарийб 1 минг нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан оғир шароитда яшаётган, ногиронлиги бўлган 1 минг 460 нафардан зиёд хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54 миллиард 580 миллион сўмдан ортиқ бошланғич бадаллар тўлаб берилган.

Жорий йилда эса 1 минг 576 нафар шароити оғир хотин-қизлар уй-жойлар билан, шу тоифага мансуб 13 минг нафардан зиёд қизларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда оғир ижтимоий аҳволда яшаётган, ногиронлиги бўлган 15 минг 282 нафар аёлга тиббий ёрдам кўрсатилади. Шу тоифага кирадиган 10 мингга яқин хотин-қизларни ногиронлик аравачаси, эшитиш ва ҳаракатланиш воситалари билан таъминлаш кўзда тутилган.