ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ НАВОИЙ ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИ КУТИЛМОҚДА

Фото: advantour.com

Келгуси ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи кутилаяпти. Давлатимиз раҳбари сафари доирасида вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиши, халқ билан мулоқот қилиши кўзда тутилган. Айни пайтда Навоийда ташрифга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Навоий вилояти мамлакатимизнинг энг ёш вилояти бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. Вилоят аҳолиси 964,7 минг киши (2018 йил 1 июль ҳолатига кўра). Меҳнат ресурслари вилоят доимий аҳолисининг 57,2 фоизини ташкил этади. Вилоят табиий ресурсларга, шу  жумладан,  рангли металл ва қурилиш хом-ашё материалларига бой. Навоий Кон металлургия комбинати дунёдаги энг соф олтин ишлаб чиқарувчи кам сонли корхоналардан биридир. “Навоийазот” ОАЖ, “Электркимё заводи” ҚК, “Навоий иссиқлик электр станцияси” ОАЖ, “Қизилқумцемент” ОАЖ сингари йирик корхоналар, Навоий Эркин индустриал иқтисодий зонаси вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.