Помидорнинг фойдаси кўп

Фото: pixabay.com

АҚШдаги Тафтс университети олимлари томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, помидор ва ундан тайёрланган қайлани истеъмол қилиш жигарни ёғ босиши, турли шамоллаш ва саратон касалликларига чалиниш хавфини камайтираркан.

Таъкидлаш жоизки, тадқиқот ўтказган олимларга помидор таркибидаги ликопин антиоксидантининг юрак-қон томир хасталиклари туфайли шикастланган томир ва артерияларни тиклаш хусусияти маълум бўлган. Шу сабабли, тажриба жараёнида сичқонлар ликопинга бой помидор кукуни билан овқатлантирилган. Маълум бўлишича, таомга ушбу қўшимчани қўшиш орқали жигарни ёғ қоплаши ва жигар саратони касалликларининг олдини олиш мумкин экан. Бундан ташқари, организмдаги турли шамоллашлар билан боғлиқ бўлган бактериялар миқдори камаяди.

Қайд этиш керакки, помидор таркибида ликопин миқдори бўйича мева-сабзавотлар орасида етакчи ҳисобланади. Мазкур анитиоксидант, шунингдек гуав, тарвуз, грейпфрут, папайя ва ширин қизил қалампир таркибида ҳам учрайди.