ЗИДАН “РЕАЛ”ГА ҚАЙТДИ! БУ ҚАРОРИНИ У НИМА ДЕБ ИЗОҲЛАДИ?

Куни кеча интернет нашрларда буюк футболчи ва мутахассис  Зайниддин Зидан 2018 йилнинг май ойига қадар мураббийлик қилган собиқ жамоаси “Реал Мадрид”га қайтгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди. Шу куннинг ўзида Тошкент вақти билан тунги соат 12.00 да Зидан ва клуб президенти Флорентино Перес иштирокида матбуот-анжмуани бошланди.

         Тадбир ўтказиладиган зал спорт нашрлари, ижтимоий тармоқлар, ютубчи ва фейсбукчи журналистлар билан лиқ тўлган, барча Зиданни интиқлик билан кутарди. Ниҳоят, залга Зидан… бундай тадбирлар учун мос бўлмаган кийимда – пайпоқсиз, почаси кенг қайтарилган жинси шим кийган ҳолда кириб келди.

         Анжмуманда аввалига Флорентино Перес чиқиш қилди. Клуб президенти ўз нутқида жамоаси Зидан билан эришган шонли ғалабалар ҳақида гапириб, жамоа фолиятида яна янги давр бошланишига умид билдирди. Унинг айтишича, Зиданни клубга қайтариш билан боғлиқ ишлар “Аякс” “фожиаси”дан сўнг бошланган.

«Сенга беш кун илгари қўнғироқ қилиб, уйга қайтишингни таклиф қилганимда, клубга бўлган муҳаббатинг ва садоқатингни намоён қилдинг. Жаҳондаги энг яхши мураббий «Реал»га қайтди ва барча мухлислар Зидан яна улар билан бирга эканидан хурсанд. Биз кутилган натижаларга эришолмадик ва шунинг учун муаммога ечим топиш бизнинг вазифамиз эди», – деди Перес.

Шундан сўнг Зидан сўзга чиқиб, ўз сўзида ҳаммани қизиқтираётган масала – клубга қайтиши сабаби ҳақида гапирди. «Биламан, бугун ҳамма учун алоҳида кун. Энг муҳими, бу ерга қайтганимдан хурсандман. Қолаверса, мен узоққа кетганим ҳам йўқ, мен Мадридда яшайман. “Реал” ўзи муносиб ўринга қайтиши учун эртагаёқ ишга киришаман. Бу жуда катта масъулият».

«Олдимизда 11 учрашувни ўтказиш қолган. Вазифамиз – мавсумни яхши тугатиш ва кейингисига тайёргарлик кўриш. Мен ўтган мавсумда эришган ғалабаларимизни эсга олиш баробарида, муваффақиятсизликларга учраганимизни ҳам таъкидлашим керак. Биз Ла Лигада ғалаба қозона олмадик, Кубокни бой бердик. Ҳа, биз Чемпионлар лигаси ғолиби бўлдик, бу яхши. Бироқ, мен қандай клубда эканимни яхши биламан. Мен «Реал»га ёрдамим керак бўлмай қолган пайтда кетгандим. Икки ярим йил давомида биз деярли барча ютуқларга эришдик, эҳтимол, ўйинчилар алмашинуви ҳам бўлиши  керак эди. Буни ҳис этиш лозим. Бу менинг эгоистик қарорим бўлмаган ва бу ҳақда мен узоқ ўйлаганман. Охирги тўққиз ойни мен Мадридда ўтказдим ва қайта куч олдим. Мен энди буюк клубнинг чақириғига тайёрман. Бошқа бир қанча жамоалардан таклифлар тушди, бироқ мен бошқа клубларда ишлашни истамадим».

«Президент менга қўнғироқ қилди, уни жуда ҳурмат қиламан. У: «Қайт», – деди. Мураббийлик фаолиятига тайёр эканимга амин бўлганим учун таклифга рози бўлдим ва клубга қайтишга қарор қилдим. Ва мен шу ердаман. Унга шунчаки йўқ, деб айта олмасдим. У мен ва футболчилар билан нималар юз бераётганини яхши ҳис этиб турарди. Бу мавсумни четдан кузатиб борган бўлсам-да, ўзимни клубни бир қисми деб ҳис этганман. Булар – менинг ўйинчиларим. Мавсумда нималар бўлгани мени қаттиқ қайғуга солди. Ўйинчиларимни биламан, уларда ҳам мендаги ҳиссиётлар бўлган».

«Албатта, кўп нарса ўзгаради. Мен қайтдим ва кейинроқ президент билан ёнма-ён ўтириб, клубни қутқариш учун нималар қилишимиз лозимлигини маслаҳатлашиб оламиз. Лекин, ҳозир бунинг мавриди эмас. Мен уларни (Лопетеги ва Солари) айблай, клуб учун ҳам, жамоа учун улар ёмон бўлсин, деб ишлади, дея олмайман. Ҳаракат қилишди, бироқ ўхшамади. Бу каби саволларга жавоб беришни истамайман. Ҳозир бизнинг асосий вазифа  – келажакка қараш».