ШАЪНИНГГА ШЕЪР ИЗЛАЙМАН, ВАТАН!

Халқимизнинг севимли шоири, ҳассос ижодкор Муҳаммад Исмоил бугун ўзининг 55 ёшини қарши олди. Устоз ижодкорни таваллуд айёми билан сайтимиз ўқувчилари номидан муборакбод этиб, у кишига узоқ умр, баракали ижод тилаймиз.

      Талабалик йилларим эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир Муҳаммад Исмоилнинг “Мени кучлироқ сев” дея номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтиши тўғрисидаги хабарни эшитдим-у, уюшмага қараб югурдим. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шеърларини қўшиқ қилиб айта бошлагандан кейин Муҳаммад Исмоил энг машҳур шоирлардан бирига айланган эди. Мен етиб борганимда, уюшманинг мажлислар зали лиқ тўла экан. Бу ерда асосан адабиёт аҳли,  атоқли шоирлар,  ёзувчилар, кўзга кўринган  адабиётшунослар, ҳамда турли олийгоҳларнинг талабалари йиғилган ва анжуман очилишини кутиб туришар эди.   Тадбирни, Уюшма раиси,  Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бошлаб берди ва Муҳаммад Исмоил ижоди ҳақида шундай деди:

 – Ёзувчилар, шоирлар ўзларини асосий вазифасини бажараётирлар. Адабиётимизда юз берган янгилик қайси жанрда бўлмасин ўқиб, ўрганиб, унга фикр билдириш кундалик вазифамизга киради десак тўғри бўлади. Кўп йиллар бўлди китоб тақдимоти маросимини ўтказиш урф бўлаётир. Бу менимча ўзини оқлаяпти. Ижодкор, ёшидан, тажрибасидан қатъий назар, унвонларидан қатъий назар бирор асар ёзса одамлар ўқирмикан, ўқиса нима деркин, фикр билдирармикан деб баралла айтмасада ичида, юрагини бир четида бу туйғу бўлади. Бу севгилисига мактуб ёзган йигит у ёқдан жавоб кутгандек гап. Ҳа, дейдими, йўқ дейдими нима дер экан деб ичи қизийди. Китоб кўрган одамдан ёмонлик чиқмайди деган гаплар эскидан қолган. Муҳаммаджон тенгиларни ёш ижодкор дейиш тўғри эмас. Лекин улуғ ёшлилар кўзи билан қараганда ёш ва етук ижодкор деб айтилади. Муҳаммаджон ҳаётда суяги қотган, ижодда муайян тажрибага эга, маҳорат тажрибасига эга, ҳам яхши олим, ҳам яхши мураббий. Шеърларини доим ўқиб бораман. Муҳаммад Исмоил прозасини ўқиганимда ҳам ажойиб сатрларга дуч келдим. Жуда яхши гап бу.

Суратда: Шоир буюк ёзувчи Чингиз Айтматов билан.

 Муҳаммад Исмоилнинг тенгдошлари сафида, шеъриятимизда ўз ўрни бор. Энг муҳими у меҳнат қилаётибди. Меҳнат қилаётган одамга ҳорманг дейиш керак. Қўлдан келгунча ишонч билдириш керак. Бундан ҳам баланд савияларга чиқишини тилашимиз керак. Ажойиб бир шеъриятимиз бор. Мен доимо очиғини, дилимдагини айтганман, яна айтаман. Жаҳон шеъриятидан менга ўнтасини рўпаро қилинг, битта ёш ўзбек шоирига алмашмайман. Шундай баланд шеъриятимиз бор. Янаям баланд бўлиб бораётир. Демак, имконият катта. Навоий бободек сиймолар нур сочиб тургандан кейин шеърларимиз нақадар буюклигини тасаввур қилиш мумкин.

 Шоир – халқ қалбининг таржимони. Халқнинг эзгу ниятлари, орзу интилишлари, дарду аламларининг ифодачиси, мухтасар айтганда тили – забонидир. Таниқли шоир Муҳаммад Исмоилнинг китобларини ўқисангиз, шеърларидаги рангин туйғулар, юрагидан қайнаб чиққан булоқнинг маҳсули эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Бу туйғулар самимий, юракка жиз этиб ёпишадиган, сизни кечинмалар дунёсига олиб кирадиган туйғулардир.

Абдулла Орипов, сўзни шу ерга келганда якунлади, ва марҳамат китоб билан танишиб чиқишларингиз мумкин,- дея китобни мажлис аҳлига кўрсатиб қўйди. –Энди бу ерда сўз сўраб турган ўртоқлар ҳам бор, мен мамнуният билан сўзни филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмоновга бераман, у  Муҳаммад Исмоил ижоди  ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларни  баён этади, деди. Кўп ўтмай минбарга Насимхон Раҳмон кўтарилди:

 – Шу беш ёки олти ой илгари Муҳаммаджонинг “Осмон тўла орзулар” китоби чиққанди. Мана яна беш ой ўтиб адабиётимиз учун, эл – юрт учун ҳадя бўладиган янги китоби чиқибди. Бу Муҳаммаджоннинг тинимсиз меҳнат қилаётгандан далолат беради. Муҳаммаджон нафақат шоир ёки ёзувчи балки адабиётимизнинг энг теран ўзак масалаларини яхши ҳис қиладиган олим деб айтиш мумкин. Бу унинг шеърларида, ҳикояларида, барча ижод маҳсулида кўринади. Муҳаммаджонни истеъдоди айниқса бадиаларида намоён. Одил Ёқубов ҳақидаги бадиасида. Одил Ёқубовдаги ижодкорга хос бағрикенглик, устозларга хос бўлган тантилик, Ёзувчилар уюшмасида раис бўлиб юрган пайтларидаги жасорати, катта масалаларни қўя билиши, халқнинг манфаатини кўра билиши сингари фазилатларини қаламга олган ва миллатнинг ҳақиқий фидокор фарзанди эканлигини ёрита олган ва Одил Ёқубовнинг ҳақиқатга муҳаббатини ёрқин ифодаларда кўрсата олган. Муҳаммад Юсуфдаги ёниқ бир маҳоратни, ижодкорга хос тароватни ва жасоратни, Ҳалима Ҳудойбердиевадаги қуйма матонатни жуда бир нозик ифодаларда кўрсата олган. Бу асарлари билан Муҳаммаджон адабиётимизнинг бадиа жанрига улкан ҳисса қўшиб келаётганини кўрсатади.

 Шоир бу дунёдаги барча йўллар орасидан машаққат ва изтириб йўлини танлайди. Чунки, у ўз қалбига маҳкумдир. Унинг учун энг катта ҳақиқат ҳам илоҳ туҳфаси бўлган қалбдир. Шоир ўз юрагини иймон, эътиқод, энг пок туйғулар билан тўлдириб борсагина барча дунёвий ҳалокатлар устидан руҳан ғолиб чиқаверади. Муҳаммад Исмоил шеърларида қалб бутунлигини, иймон эркинлигини, эътиқод софлигини кўриш мумкин.

Суратда: Муҳаммад Исмоил Ҳиндистон сафарида, Тож-Маҳал зиёратида

Сўнгра минбарга Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир кўтарилди ва Муҳаммад Исмоилнинг “Мени кучлироқ сев” китоби ҳақида шундай фикрларни билдирди:

 – Муҳаммад Исмоилни мен талай йиллардан бери биламан ва бугун адабиётда ҳаммамиз бир – биримизни юз фоиз бўлмасаям маълум миқдорда кузатиб борамиз, ўқиб борамиз ва ҳар битта топилган сатр, ҳар битта топилган ташбеҳ қалбимизни юксалтиради. Қалб кўзимизни очади. Бир – биримиз билан ифтихор этамиз. Унданда ошириб ёзишимиз керак деган умид пайдо бўлади, ишонч пайдо бўлади, улуғ ният пайдо бўлади. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси улуғ ниятлар макони. Муҳаммад Исмоил ҳам улуғ ниятли, юксак мақсадли, забардаст шоир. Энг муҳими унинг шеърлари, ҳикоялари, бадиалари ўзини ҳам бировни ҳам алдамайди. Дарҳақиқат бу майдонга бировни алдагани кирмаганмиз ва бунга ҳаққимиз йўқ. Биз бировни алдамоқчи бўлсак, аввал ўзимизни алдамоқчи бўлган бўламиз. Муҳаммад Исмоилнинг “Драматик ҳазил” деган бир шеъри бор. Хотинининг оҳу ноласига жавоб бериб:

 Сўз билан яралган олам азалдан.

 Сўзидан қайтмаган одам аталган.

 Қайдаки бор бўлса юксалган Ватан

 Шоирга эҳтиром билан қаралган.

 Дарҳақиқат шоирга эҳтиром билан қараш бизни юртчалик бўлар, бизни давлатчалик бўлар. Шоир айтади:

 Яшар ва курашар

 ҳар ким аҳд билан

 Бугун бор, эртага

 бўлмасман, Ватан.

 Энг гўзал у шеърни

 жону–жаҳд билан

 Шаънингга айтмасдан ўлмасман, Ватан! – дейди Муҳаммад Исмоил Ўзбекистонга бағишланган шеърида. Дарҳақиқат ҳаммамиз биринчи шеъримизни оқ сут берган онамизга ва иккинчи шеъримизни она Ватан деб номлаб Ватанга бахшида этганмиз. Бу мавзуда топиб айтолганларни юзи эл юрт олдида ҳамиша ёруғ бўлган.

 Назаримда сирдарёликлар Муҳаммад Исмоилни ошиқ қилиб тарбиялаб, оёққа қўйиб, “қани бола йўлга чиқ”, деб юборган шекилли, сочидан тирноғигача ошиқ.

 Мард қилмас кўнгил тўлмайдиган ишни

 Мард қилар Худо қўллайдиган ишни.

 Буюк меҳнат билан бўлмайдиган ишни

 Бўлдириб қўяди, сирдарёликлар!

 Менга севимли у, севгилимдайин

 Севгим ортиб борар, севганим сайин.

 Сипқорсамда яна, севгининг майин

 Тўлдириб қуяди, сирдарёликлар!

 Шоирликни ўзи ошиқликдан иборат. Лекин ошиқликни меёри билан, сўзни ўрнига қўйиб, маъшуқаям шеърдан жон оладиган, роҳат оладиган бўлиб бу дунёдалигига шукур қилиб ўқиса яхши бўлади.

Шиддат ва шижоат билан тўлқинланиб гапирган Маҳмуд Тоирни зал жуда илиқ кутиб олди ва давомли қарсаклар билан сийлади.  Сўз навбати, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алига берилди ва у жумладан шундай деди: – Муҳаммад Исмоил адашим билан 1989 – йилда Ёзувчилар уюшмасида таржима марказини ташкил қилганмиз. Муҳаммад Таржима марказининг бутун ишларини бел боғлаб маҳкам бажарадиган, чанқоқ, ташна бир паллада бизда иш бошлаган. Ўзбек адабиётини жаҳонга тарғиб қилиш бўйича семинарни ҳам бирга ўтказганмиз. Ўша пайтлардан буён Муҳаммаджоннинг ижодий изланишларни кузатиб келаман.

 Бир суҳбатда Муҳаммад Исмоил шундай деган эди: – “Шоир одам ўз замонасидан ҳеч бўлмаганида 5 қадам олдинни кўра билиши керак. У инсоний муносабатлар профессори, меҳр муҳаббат фани куйчиси, инсон қалбининг жарчисидир!

 Гул борки атри бор,

 Денгиз борки мавж бор,

 Сўз борки шоир бор! Сўз, ҳаётни, жамиятни қанчалик юксалтирса, шоир сўз қадрини юксалтиргувчи – санъаткор. Буюк жамиятларгина буюк шоирларни юзага келтира олади.” Бу ниҳоятда тўғри сўзлардир. Меҳнат қилиб чарчаманг, соғ бўлинг, ижодингизга барака Муҳаммаджон, сиздай фарзанди бор юрт, Сирдарё сиз билан ҳамиша фахрланса арзийди, – деди Муҳаммад Али.

Уюшма Раиси Абдулла Орипов, кейинги сўз навбатини таниқли шоир ва таржимон, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Мирпўлат Мирзога берди. Мирпўлат ака, Муҳаммад Исмоил ижоди ҳақида шундай деди: – Нима учун инсонлар шеър ёзади, нима учун умрини охиригача ёниб турган шамдек жонини фидо қилади. Баъзилар айтадики, шеърият бу ёшликнинг иши, шеърият ёшлик хаяжонларидангина иборат, дейди. Мўйсафид ёшдаги ижодкорларга ажабланиб қарашади. Лекин ҳақиқий ижодкорнинг, ижоди ҳамиша қадрли, ҳамиша юксак, ўз мухлислари учун туҳфа! Шукур Холмирзаев айтади: оддий одамлар ўз дардини айтиб йиғлайдилар. Шоирлар, ёзувчилар эса бировнинг дардини айтиб йиғлайди. Бировнинг дарди, бошқаларнинг дарди тугамас экан, ҳақиқий ижодкорнинг ижоди, илҳоми сарҳад билмайди. Шеъриятга эҳтиёж ҳақиқий ижодкорнинг қалбида ҳамиша бўлади ва у кўп жанрларда ярқираб кўринади. Мана шу жиҳатдан Муҳаммад Исмоилнинг ижодий йўналишида катта, кенг бир қулочли шоирнинг имиджини кўраман. Муҳаммаджон шеърларини эркин ёзади, эсселарида самимий. Ўзи севган лавҳаларни мароқ билан қаламга олади. Ва мана шу эркинлик унинг ижодига катта қанот ва юксаклик беради. Муҳаммаджон бугунги кунда жуда гуркираб баҳорги теракзордек шовуллаб турган шеъриятимизни сафида турган барваста дарахтки шеърлари ҳамиша юракка баҳорий завқ беради.

 Муҳаммаджон “Санъат мадҳи” деган шеърида шундай дейди:

 Санъат − бу ҳаётнинг зийнати эрур,

 Элдаги баётнинг ҳикмати эрур

 Дилдаги фарёднинг хизмати эрур

 Илоҳий илҳомдан яралган диёр –

 − Санъат – юракларда юксалган баҳор.

 Юқоридаги сатрларда туйғулар санъаткорона авжига чиққан. Авж нуқтадаги фикр, туйғу, руҳ санъаткорона юксакликка чиққан деб биламан. Мана шундай юксак мукаммалик Муҳаммад Исмоилнинг ҳамма шеърларида бўлишини истаб қоламан. Буюк шеъриятимизда Муҳаммад Исмоил ҳам буюкликка интилаётибди. Асло чарчаманг. Юксак парвозларни кўзлаганингизда санъатга бўлган талабчанлик, теранлик, бировни дардини санъаткорона ифодалай билишлик каби фазилатлар сизга ҳамиша ёр бўлсин!

 Муҳаммад Исмоил устозлари олдида ўзининг қарздорлигини ҳамиша ҳис этиб туради. Улардан меҳр олгани учун меҳр кўрсатгиси келади. Бу ҳақида Муҳаммад Исмоил бир интеръвюсида: Таълим бериш осон, меҳр бериш қийин. Шогирд ва устозни таълим эмас, меҳр боғлайди. Устозда шогирдга нисбатан қанча меҳр бўлса, шогирднинг парвози шунча юқори бўлади – деган эди.

 Муҳаммад Исмоилнинг “Мени кучлироқ сев” китобидаги ҳар бир шеър, бадиа бизни меҳрга – муҳаббатга ошуфта қилади. Устозларга, ота – онага дўст ёронларга садоқатли бўлишга чорлайди. Ватанни севишга, улуғлашга даъват этади. Биз ҳам ижодкорга узоқ умр тилаймиз. Дўстларингиз янада кўпроқ, ижодингиз бунданда хўпроқ бўлсин, деймиз!

Ёдимда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлган йиғилиш узоқ давом этди. Кейин, талабалар сўзга чиқди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров Муҳаммад Исмоил шеърлари билан бир неча қўшиқлар ижро этди. Менинг эса, Муҳаммад Исмоилдай юртдошим, замондошим борлигидан қувончим ичимга сиғмас эди.

 Шаҳноза ҲАЙИТАЛИЕВА