Яқин Шарқ тинчлиги – олам тинчлиги

Фото:CargoLine

Биз бугун шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас. Бугун кўпчиликка яхши маълумки, уруш алангаланаётган мамлакатлар аҳолиси ўзлари йўл қўйган қўпол хатоларнинг, аниқроғи бировларнинг ноғорасига ўй­нашнинг жабрини тортаяпти.

Яқин Шарқ ва Афғонистон каби уруш олови сўнмаётган ҳудудлар сафига Ироқ, Судан, Миср, Ливия, Сурия, Мали каби мамлакатлар қўшилиб, нотинчлик, беқарорлик ўчоқлари йилдан-йилга кўпайиб бораётган экан, бу ҳол дунёга уйғоқ боқаёт­ган, соғлом фикрли ҳар бир инсонни ташвишлантирмасдан, хавотирга солмасдан қолмайди. Тарихдан маълумки, қудратли давлатлар, империяларнинг геостратегик манфаатлари тўқнашган ҳудудлардаги халқлар кўпдан-кўп жабр чеккан, қурбонлар берган. Ҳозир ҳам турли ҳудудларда урушнинг янги ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Ер юзида яна қуролланиш пойгаси авжига чиқмоқда.  

Айниқса, араб давлатларидаги қуролланган ихтилофлар катта молиявий зарарга олиб келди. Бу зарар Жаҳон банкида 900 млрд долларга баҳоланган. Таъкидланишича, Яқин Шарқ минтақасининг қатор давлатлари иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган. Жаҳон банки раҳбари ўринбосари Маҳмуд Муҳиддиннинг маълум қилишича, 2010-2018 йиллардаги Сурия, Ливия ва Ямандаги ихтилофлардан араб оламига етказилган зарар 900 млрд долларга етган.

Сиёсатдонлар бежиз Яқин Шарқ тинчлиги – олам тинчлиги,  иборасини ишлатишмайди. Чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланган Исроил-араб можароси алангаси аста-секин бошқа давлатлар, минтақаларда занжир реакциясини келтириб чиқарди. Энди Исроил-Фаластин, Исроил-Сурия, Исроил-Ливаннинг ечилмаган муаммолари сирасига Исроил-Эрон зиддияти қўшилиши эҳтимоли пайдо бўлди. Эроннинг Форс кўрфази ва Яқин Шарқда ошиб бораётган таъсирини жиловлаш, унинг ҳарбий салоҳиятини тийиб туриш учун АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони бошлиқ халқаро иттифоқ юзага келиши борасида ҳам маълумотлар пайдо бўлаяпти. 

Айниқса, Саудия Арабистони ва Исроил минтақада Эроннинг тобора кучайиб бораётган таъсирига қарши курашда ҳам нияти ва ҳам амали билан иттифоқчиларга айланаётгани жаҳон матбуотида кўп ёзилаяпти. Бу икки давлатнинг шаклланиб бораётган ва қайсидир маънода нозик алоқалари ҳар доим ҳам шаффоф бўлмаган. 

Яқинда Исроилнинг юқори лавозимли ҳарбийларидан бири генерал Гади Эйзенкот Саудияга тегишли Elaph газетаси билан суҳбатда жосуслик маълумотларини Саудия билан алмашишга тайёр эканини айтди. “Эрон масаласида биз Саудия Арабистони билан якдилмиз», – деган у.

         Саудиянинг собиқ Адлия вазири доктор Муҳаммад Бин Абдул Карим Исса Исроил газетаси билан суҳбатда Исроилни танқид қилди. Сал ўтмай Исроил собиқ ҳарбий вакили Лондонда Саудиянинг икки нафар шаҳзодаси билан суҳбатлашганини ошкор қилди. Бу суҳбатда Саудия шаҳзодалари унга «сиз ортиқ бизнинг душманимиз эмассиз», деб лутф қилишган. Айнан шу каби илтифотлар тасодиф эмас. Улар эҳтиёткорона мувофиқлаштирилган ва Эрон учун огоҳнома бўлибгина қолмай, Саудия жамиятини нозиклик билан бу каби муносабатларда тайёрлашни ҳам кўзда тутади. Исроилликлар эса бу каби муносабатлар ҳақида очиқроқ гапираверишади. Аммо бу даъволар қанчалар амалий ва ё стратегик аҳамиятга молик бўлиши мумкин, деган саволга аниқ жавоб йўқ.

Аниғи шуки, Саудия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар тараққий топмоқда. Бир тарафдан бу «вазият тақозоси билан барпо бўлган коалициядир». 2003 йилда Ироқда Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилар экан, шиалар Эронини «босиб турган» сунний араблар ўзларига янги хатар пайдо бўлганини сезиб қолишди. Ироқнинг асосан шиалардан иборат янги ҳукумати Теҳрон билан яқин алоқаларни йўлга қўйди. Эрон президентининг Бағдодга амалга оширган уч кунлик “тарихий” ташрифи бу алоқаларни юқори босқичга олиб чиқиши мумкин. Ироқ шиалари қўшни Сурияда Асад режимини қўллаб-қувватлай бошлади. Эрон Россияга қўшилиб Сурияда Асад режимини қўллаб-қуввтлаши Теҳрон фойдасига ўйнаб қолди.

Сурия орқали Теҳрон Ўрта Ер денгизига ўзи учун муҳим стратегик йўл яратди. Суннийлар эса бу билан Эрон Араб Яқин Шарқининг юрагига кириб келиш эҳтимолидан хавотирга тушишган. Эрон ва Саудия ўртасидаги рақобату душманлик аслида ҳам стратегик ва ҳам диний асосларга эгадир.

Ҳозирча Эрон ва унинг иттифоқчилари, жумладан турфа шиа жангари гуруҳларнинг қўли баланд келаётган кўринади. Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларининг яхшиланиши ва ё шунга ҳаракатлар ҳам айни ўринда мантиқлидир.

Иккала давлат ҳам Эронни ядро қуролига эга бўлишига қаршилик қилиб келади. Саудия ва Исроил Эрон ядро дастурига доир халқаро келишувлардан ҳам рози эмаслар. Иккала давлат Ливандаги яхши қуролланган ва тайёргарликдан ўтган Ҳизбуллоҳдан ҳам хавотирда.

Аммо гап фақат тобора кучайиб бораётган Эрон ҳақида эмас. Бошқа ҳал қилувчи омилларни ҳам назарда тутиш керак. Улардан энг эътиборга молиги АҚШнинг Трамп бошчилигидаги маъмуриятидир. Бу маъмурият Яқин Шарққа араб баҳори ва Суриядаги мисли кўрилмаган даҳшатли уруш манзарасида қандай таъсир ўтказмоқда.

Бир қараганда на Саудия Арабистони ва на Исроил Вашингтондан норози бўлишга ҳақлидай… Трампнинг ҳар иккала давлатга қилган сафари ва Эрон билан Барак Обама даврида эришилган шартномага ишончсизлик билан қараши, жазо чораларни ортга қайтариши айни муддао бўлди. Шунингдек, Трамп Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Иттифоқчи давлатлардан мураккаб қурол-яроғларни аямаяпти. Лекин амалда вазият у қадар осуда эмас.

Сурияда АҚШ Россия ва Эронга ўз мавқеисини деярли бой бериб қўйди. Эрон таъсирини озайтириш йўлида ҳам фақат шовқин солинмоқда, холос. Саудия валиаҳди эса айни шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ташаббусни қўлга олаётгандай. Исроил ва Саудия минтақада АҚШ таъсирининг заифлашаётгани ва Россиянинг кучайиб бораётганига монанд сиёсий қадамлар ташлашга чорланмоқда. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бир вақтнинг ўзида икки катта ишни бажариш ҳаракатидадир. Бири Эроннинг тобора кучайиб бораётган таъсирини пасайтириш бўлса, иккинчиси мамлакатни замонавийлаштириш билан боғлиқ. У минтақа ўз келажаги учун ҳам ислоҳотларга муҳтож деб ишонади.

Исроилликлар Сурияни минтақа келажагининг «лабораторияси» деб билишади. Шунинг учун ҳам Исроил валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг ҳаракатларига хайриҳоҳлик билан қарамоқда. Аммо Исроил ва Саудия Арабистонининг ҳамкорлиги қанчалар узоққа чўзилиши мумкин? Бу саволга бир томонлама жавоб бериш мумкин эмас. Валиаҳд шаҳзода ўз мамлакатини ислоҳ қилиш нияти ва амаллари қанчалар муваффақиятли кечади? Саудия минтақада таъсир доирасини кенгайтира оладими? Агар Саудия ва Исроил муносабатлари янада яхшиланадиган бўлса, унда Фаластин масаласида ҳам ривожланиш бўлиши керак. Саудияликлар Исроилни очиқ тан олишлари учун айни масала ҳал қилиниши лозим, деган қарашларида йилларки собит қолишмоқда. Аммо АҚШнинг Қуддусни Исроилнинг ягона, ажралмас ва бўлинмас пойтахти сифатида тан олиши ва элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириши Саудияни Исроил билан очиқ тарзда яқинлашига йўл бермайди.

Фаластин давлатчилигини кафолатлайдиган тинчлик музокаралари бошланмас экан, Саудия ва Исроил муносабатлари ёки «иттифоқчилиги» сояда қолиб кетаверади.  Пардалар ортида қандай ўйинлар давом этаётган бўлмасин, Саудия Арабистони ва Исроил муносабатларини қоплаб олган музлар аста-секин эриётгани кўзга ташланмоқда. Бу ҳол, айниқса, тахт вориси бўлмиш шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг яқинда АҚШнинг “The Atlantic” нашрига берган интервьюсида яққол кўзга ташланади. Шаҳзодадан «яҳудийлар ҳеч бўлмаганда ўз тарихий ватанида миллий давлат қуришга ҳақлими?» деган савол сўралганда, у: «Ҳар бир миллат тинч яшаш ҳуқуқига эга эканлигига, фаластинликлар ва исроилликлар ўз ерларига эга бўлиш ҳуқуқига эга эканликларига ишонаман,» деб жавоб қайтарди. «Лекин,» дейди шаҳзода сўзини давом эттириб, «биз барқарорликни таъминлаш учун тинчлик шартномаси тузмоғимиз, алоқаларни яхшилашимиз зарур.»

Исроилнинг қадим яҳудий тарихи билан боғлиқ ҳудудга эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд эканлигининг араб раҳбарлар томонидан эътироф этилиши жуда камёб ҳолатдир. Шаҳзода бин Салмон эса ҳозирги кун Саудия қироллигининг амалдаги бошқарувчиси ва тахт вориси саналади. Миср ва Иордания Исроил билан аллақачон тинчлик руҳидаги шартномага эга. Аксарият кузатувчилар 16 йил олдин Саудия Арабистони ҳомийлигида ташкил қилинган Араб Тинчлик Ташаббусини қироллик ташқи сиёсатидаги энг йирик бурилишлардан бири сифатида санаб келар эди. Мазкур ташаббус икки ўртада мавжуд турли ихтилофларни бартараф қилиш орқали Исроил билан тўла тинчлик шартномаси имзолаш, қочоқлар муаммосига адолатли ечим топиш ва Шарқий Қуддус ҳудудида Фаластин пойтахтини ташкил қилишни назарда тутар эди. Фақат бунинг учун 1967 йилги «Олти Кунлик Уруш»дан олдинги чегаралар ҳисобга олиниши лозим эди. Бироқ Араб Тинчлик Ташаббуси бутун минтақа келажагини ўзгартириб юбора оладиган таъсирга эга бўлишига қарамай, қоғозларда қолиб кетди.

Албатта, сўзлар эмас, асл вазият муҳим. Сўзлар эса асл вазиятнинг инъикоси, холос. Икки давлат ўртасидаги алоқалар бугун илиб қолгани йўқ. Президент Обаманинг Яқин Шарқдан четланиш стратегияси ортидан минтақада таъсир доирасини мустаҳкамлаб олишга уринган Эрон Исроил ва Саудия Арабистонини бирдек хавотирга солмай қўймаган. Иккала давлат ҳам Эроннинг ядровий дастур бўйича шартномаси – Ҳаракатларнинг қўшма англашинув режасига қарши чиққан. Бундан ташқари ҳар иккала давлат ҳам расмий Теҳроннинг нафақат Суриядаги, балки бутун минтақадаги ёйилиб бораётган таъсири қирқилишини истайди.

Исроил шу пайтга қадар расмий ар-Риёд билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини яширмаган. Саудия Арабистони эса бу масалада вазминликни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилган. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг сўзлари билан бир ўринда қироллик ҳукумати Ҳиндистоннинг “Air India” ҳаво компаниясига Исроилнинг Тел Авив шаҳрига қатнайдиган рейси давомида Саудия ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга рухсат берганлиги алоқалар яхшиланганининг бошқа бир белгиси сифатида гавдаланади.

         Музлар эриётгани аниқ. Бироқ минтақада тинчлик ҳукм суриши  учун Исроил-Фаластин можароси каби узоқ вақтдан бери ечимини топмай келаётган муаммоларга барҳам бериш зарур бўлади.  

Аммо АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга қарши 1995 йилда киритилган санкцияларнинг амал қилиши муддатини яна бир йилга узайтириши ва Саудия Арабистонига ядро технологияларини сотиши минтақага тинчлик эмас, беқарорлик ва рақобат олиб келиши мумкин. Маълумки,  Трамп 2018 йил 8 май куни АҚШнинг Эрон билан ядровий келишувдан чиқишини эълон қилганди. Бу келишувга кўра, Эрон молиявий ва иқтисодий санкциялар тўхтатилиши эвазига ядровий фаолиятини чеклаши керак бўлган. Санкциялар автомобил тармоғи, саноат корхоналари учун компьютер дастурлари савдоси, табиий қазилмалар ва металлар савдоси ҳамда нефть тармоғини қамраб олган.  АҚШ келишувдан чиққач Теҳронга қарши санкцияларни тиклаган. Президент Дональд Трамп маъмурияти Конгресс рухсатисиз ядро технологияларини Саудия Арабистонига сотишни режалаштирмоқда. АҚШ Конгресси қўмитасининг янги ҳисоботига кўра, ушбу ядро технологиялари трансфери Қўшма Штатлар қонунларига зиддир.  Ушбу технология Саудия Арабистонига келажакда ядровий қурол ишлаб чиқаришга имкон бериши, йирик урушларнинг келиб чиқишига ва Яқин Шарқда қурол савдоси авж олишига олиб келиши аниқ.

Абдували СОЙБНАЗАРОВ