Туркияга С-400 нима учун керак?

Анқаранинг НАТО бўйича иттифоқчиси АҚШ билан ҳозирги муносабатини у қадар яхши деб бўлмайди. Муносабатларга дарз кетишнинг асосий сабабларидан бири Туркия Россиядан замонавий С-400 зенит ракета тизимини сотиб олаётганидир. Маълумки, Вашингтон Туркияга “Patriot” тизимини сотишни рад этганидан сўнг, Анқара  унинг муқобилини қидиришга тушган ва бу борада тушган  таклифларни пухта ўрганиб чиққач, Россиянинг С-400 зенит ракета тизимини харид қилишга қарор қилган. Бу борада томонлар ўртасида шартнома ҳам имзоланган, тизимни етказиб бериш ва миқдори бўйича келишиб олинганди.

Анадолу ахборот агентлигининг хабар беришича, бу масала айниқса, Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқчилари Суриядаги низолар ортидан уни ўз хавфсизлиги масаласида яккалаб ортидан  яна долзарб тус олган. 2013 йилда альянс мамлакатлари Туркиянинг Адана вилоятида “Patriot” зенит ракета тизимини, Қаҳраманмараш вилояти ҳудудида эса  SAMP-T тизимини жойлаштирганди. Расмий Анқара уни вақтинчалик чора деб қабул қилган ва уларнинг узоқ муддат мамлакат ҳудудида туришининг ҳожати йўқ деб ҳисоблаганди. Шундан сўнг, ҳаво ҳужумидан мудофаа миллий тизимини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилинганди. Айни вақтда Россиядан С-400 тизимини сотиб олиш бўйича ҳам музокаралар бошлаб юборилганди.

Бу борада якуний қарорга Вашингтон “Patriot” тизимига оид маълумотларни Анқарага тақдим этишдан бош тортганидан сўнг келинди. Шунинг билан бирга Америка бу маълумотлар учун жуда юқори нарх белгилаганди. Москва таклиф этган нарх ва ҳамкорликда  мудофаа тизимларини ривожлантириш масаласидаги келишув эса Туркияни буткул қаноатлантирди. Шартнома доирасида харид қилиниши белгиланган узоқ ва ўрта масофага мўлжаланган бу тизим барча турдаги замонавий ҳаво-фазо ҳужумларини бартараф этишга мўлжалланган. Россия зенит ракета тизими биринчи навбатда аэродинамик нишонлар: ҳарбий ҳаво кемалари, қанотли ракеталар, учувчисиз аппаратларни йўқ қилиш қудратига эга. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда С-400 назоратида бўлган ҳаво кенгликларига биронта эҳтимолий душман техникасининг парвоз қилиши мумкин эмас. Гарчи, АҚШ ва Исроил ҳарбийлари уларнинг ихтиёридаги замонавий қирувчилар ва ракеталар учун русларнинг бу тизими хавф туғидирмаслиги ҳақида мақтанишдан чарчамасалар-да, бундай ҳолат амалда нима билан тугашини улар жуда яхши сезиб турибди. Бунга Россия С-300 тизимини Сурияга жойлаштирганидан сўнг Исроил ҲҲКларининг имконияти қанчалик чекланиб қолганини мисол сифатида келтириш мумкин. Тел-Авив гарчанд Россиянинг ҳозирги ҳаво ҳужумидан мудофаа тузилмаси ҳатто осмондаги шарпани йўқ қилишга қодир эканини жуда яхши билса-да, буни ошкор эътироф этишни истамаяпти. Чунки, бу иқрорлик унинг асосий ҳимоячиси ва иттифоқчиси АҚШнинг ҳарбий экспорт салоҳиятига қанчалик салбий таъсир этишини жуда яхши тушуниб турибди.

С-400 зенит ракета тизимининг асосий устунлиги – унинг узоқ масофадаги нишонларни ҳам бехато уришидир. Хусусан, 40Н6Е ракеталари 400 километргача, 48N6 ракеталари эса 250 километргача бўлган масофадаги нишонни мўлжалга олгач, уларни шунчаки “қўйиб” юбормайди. Бу тизим шунингдек, 360 даража бурчакда ўт очиш, 600 километр олисликдаги нишонни мўлжалга олиш имконига эга. Ҳар бир зенит ракета тизими 10 тагача нишонни назоратга олиши ва тезлиги 4800 метр секундгача бўлган нишонларга қарата 20 тагача ракета йўллаши мумкин. Тизимни тўлиқ жанговар ҳолатга келтириш учун эса 5-10 дақиқа кифоя. Мажмуа нишонни бехато йўқ қилиши учун кеча-кундузнинг, жуғрофий жойлашув ва об-ҳаво шароитининг фарқи йўқ. Ўта кучли радиоэлектрон қурилмалар ғарбликлар “кўзга кўринмас” деб таърифлаётган энг сўнгги намунадаги техникаларни ҳам аниқлаш ва назорат қилишга қодир. Шу боисдан Анқара ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини Россиянинг бу турдаги техникаси билан мустаҳкамлаш қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини яққол ҳис этган.  Шуни ҳам таъкидлаш керакки, С-400 ва ундан кейинги авлодга мансуб бу турдаги тизимлар нафақат нишонни назоратга олиш, шунинг баробарида қудрати ўта сир сақланаётган F-35 стеллс тоифасига мансуб ўта замонавий қирувчиларнинг техник имкониятларини “ўғирлаш” ва ўз базасида сақлаш имконига эга. Агарда Сурия Араб Республикасига С-300 мудофаа тизими батареялари жойлаштирилиши ортидан Пентагон бутун дунё бўйича F-35 ларнинг парвозини таъқиқлаб қўйганини инобатга оладиган бўлсак, бу гаплар нақадар ҳақиқат эканини ҳис этиш қийин эмас. Мана, АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари Туркиянинг бу тизимни харид қилишга жон-жаҳди билан қаршилик қилаётганининг сабаби.

АҚШ бордию Туркия С-400 ларни ўз ҳудудига жойлаштирса, Анқарани ўта жиддий таҳдидлар кутиб турганини бот-бот таркрорлаётган бўлса-да, бу борада Туркия ўз фикридан қайтгани йўқ. Бундан кўринадики, Туркия турли босимларга дучор бўлишдан кўра ўз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қатъий бел боғлаган. Таъкидлаш керак, Туркия С-400 ларнинг биринчи партиясини томонлар ўртасидаги келишувга кўра жорий йилнинг июль ойида қабул қилиб олади.