«Навоийазот»да йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда

Фото:uza.uz

Акциядорлик жамияти ҳудудида айни пайтда учта йирик инвестиция лойиҳаси – поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол, аммиак ва карбамид ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқарадиган корхоналар барпо этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида мазкур лойиҳалар билан ҳам танишди.

Маълум қилинишича, қурилиш ишлари Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорциуми ҳамда юртимиз мутахассислари томонидан амалга оширилаётган поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошиқдир. Корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади. Жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади, маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғи экспорт қилинади.

“Навоийазот”даги яна бир йирик лойиҳа – аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қувватлар ишга тушгач, йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади, 491 иш ўрни яратилади. “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Жорий йилда яна бир лойиҳа – азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Умумий қиймати 216,6 миллион АҚШ долларига тенг бу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади. Шунингдек, 122 та янги иш ўрни яратилади.