Кумушхон жаҳон рекордини ўрнатди

Суратда: Кумушхон Файзуллаева. Фото: olympic.org

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида давом этаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамиз ўз иштирокини ниҳоясига етказди. Алоҳида қайд этиш керакки, ушбу жаҳон биринчилиги спортчиларимиз учун жуда омадли бўлди. Жумладан, қизлар ўртасида -64 килограмм вазн тоифасида Кумушхон Файзуллаева мусобақа олтин медалини қўлга киритиш баробарида,  ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордларини ҳам ўрнатди. У даст кўтаришда 93 кг, силтаб кўтаришда эса 122 кг натижа қайд этиб, икки кураш натижасига кўра 215 килограмм жамғара олиб, жаҳон рекордларини ўрнатишга муваффақ бўлди. Кумушхон Файзуллаева 2018 йил октябрь ойида Аргентинада ўтган ўсмирлар Олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.

Бундан ташқари, мусобақада қизларимиздан Турсуной Жабборова (-81 кг) 1 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритган бўлса, полвонларимиздан Мирҳосил Мирзабоев 2 та бронза медалга сазовор бўлди. Ҳамюртларимиз ушбу мусобақада жами 16 та медални қўлга киритган бўлсалар, улардан 8 таси олтин, 6 таси кумуш ва 2 таси бронза медаллардир.