Бугун Тошкентда «Humo Arena» муз саройи тантанали очилади

Фото:interpress.uz

Бугун соат 19 да Тошкент шаҳрида бунёд этилган «Humo Arena» кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросими бошланади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган мазкур мажмуа мамлакатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб, кўп тармоқли муз саройини қуришдан мақсад юртимизда спортнинг қишки турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш, ёшларни спортга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдир.

Очилиш маросими жуда тантанали ва улуғвор ўтиши кутилаяпти. Томошабинларни 3D анимациялари, нур тасвирлари, иштирокчиларнинг ранг-баранг чиқишлари ҳайратга солиши табиий.  Табирнинг тантанали очилиш маросимининг юқори савияда ташкиллаштирилиши Германиянинг “E-Elements Entertainment” ҳамда Ўзбекистоннинг “DRC events” компанияларига ишониб топширилган. Тадбир бош режиссёри германиялик Ханс Кристоф Мюеке бу турдаги томошаларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича жаҳондаги етук мутахассислардан бири бўлиб, хоккей бўйича Европа чемпионлар лигаси (Швеция), теннис бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими (Қатар) ва бошқа кўплаб йирик халқаро спорт анжуманларини очилиш ва ёпилиш маросимларини ўтказган. Тадбирнинг режиссёра ишлари германиялик яна бир мутахассис Конрад Кушел  ва унинг ёрдамчилари Фолкер Хаген ҳамда  Хенниг Шлеттерга топширилган. 3D анимациялари ва мусиқий нур эффектлари номи ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган, Самарқанд шаҳрида ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг нур шоулари таъминотчиси немис дизайнери Томас Мюллер ҳамда Ўзбекистоннинг “Voyager films” компанияси томонидан бажарилади.

Ўзбекистонлик ва россиялик машҳур спортчиларнинг чиқишлари ҳам тадбир иштирокчиларига юқори кайфият бағишлайди. Тадбирга ўзбек эстрадасининг юлдузлари ва Филипп Киркоров, Николай Басков, Дима Билан каби таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури якун ясайди.

Тадбирни ёритиш учун маҳаллий ва Буюк Британия, Испания, Италия, Озарбайжон ва Россия каби хорижий давлатларнинг 300 дан ортиқ ОАВ вакиллари таклиф этилган.