Ўсимлик моддалари кимёси институтида янги марказ очилди

Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида 3 та модулдан иборат “ГМП талаблари бўйича дори воситалари субстанцияларни ишлаб чиқариш технологияларини синаш илмий-технологик маркази”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов,  шунингдек, академиклар, етакчи олимлар ва мутахассислар, хорижий ҳамкорлар иштирок этди.

Марказ томонидан Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳамда мамлакатимиз илмий марказлари ва муассасалари олимларини фундаментал изланишлари натижасида яратилган инновацион ишланмаларни тадбиқ этиш ва кейинчалик фармацевтик корхоналарга импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп 40 га яқин дори воситалари ва генерик субстанцияларни ишлаб чиқариш технологиялари топширилади.

Шунингдек, бу ерда дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқаришнинг 3 та технологик линияси ташкил этилади. Булар ўсимлик хом-ашёсидан алкалоид, нейтрал табиатга эга модификацияланган табиий бирикмаларни ишлаб чиқариш бўлиб мамлакатимиздаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм”, “Паркент-фарм” ва бошқа ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкиллаштириш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлашга хизмат қилади.