“Оролга мадад” шиори остида хайрия ҳашари тадбирлари ўтказилмоқда

Фото: interpress.uz

Айни кунларда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳамда партиянинг Хоразм, Бухоро, Қорақолпоғистон Республикаси ҳудудий ташкилотлари томонидан Хоразм вилоятида ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Оролга мадад” шиори остида хайрия ҳашари тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур акциядан мақсад, давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 8 январдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўптомонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” да белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратишдир.

Партия ахборот хизматининг маълум қилишича, хайрия ҳашарларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, АҚШнинг «The World Aral Region Charity INC» ЭКО кўнгилилар ташкилоти, Экологик партиянинг Марказий Кенгаши, партиянинг Хоразм, Бухоро, Қорақолпоғистон Республикаси ҳудудий ташкилотлари, Экоҳаракат Марказий Кенгаши, Халқаро экосан жамғармаси Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси, Хоразм вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ишлари бошқармалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқдалар.

Амалий тадбирлар доирасида аҳолини тозаланган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги 33-сонли мактаб ҳудуди яқинига сув тозалагич аппарати АҚШнинг «The World Aral Region Charity INC» ЭКО кўнгилилар ташкилоти томонидан беғараз ёрдам сифатида ўрнатиб берилди. Мазкур қурилмада тозаланган сувдан аҳоли бемалол фойдаланишлари учун кенг шароитлар яратилди. Шунингдек, мазкур ҳудуд атрофига мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.