БМТНИНГ ВЕНА БЎЛИМИДА НАВРЎЗ НИШОНЛАНДИ

Фото: agentika.com

Жорий йилнинг 13 март куни БМТнинг Вена шаҳридаги бўлимида нишонланган Наврўз байрамида халқаро ташкилотлар ва чет эл дипломатик корпусларининг мингга яқин вакили иштирок этди. Тадбир Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонасидан ташқари, Афғонистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари дипломатик корпуслари томонидан ташкиллаштирилди.

Тадбирда БМТ Бош котибининг ўринбосари, ташкилотнинг Вена бўлими Бош директори Юрий Федотов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ушбу тантана доирасида меҳмонларга Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари намойиш этилди. Унда юртимизнинг моҳир ошпазлари, қўли гул ҳунармандлари ўз санъатлари билан иштирокчиларни мамнун этдилар. Бундан ташқари, байрам қатнашчилари фотокўргазмалар орқали мамлакатимизнинг бой тарихи, кўҳна шаҳарларимизнинг бетакрор обидалари билан танишиш имконига эга бўлдилар. Юртимиз тақдимоти Дилмурод  Мирзаев ва Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби хореографи Ширин Жалилова раҳбарлигидаги «Шодлик» миллий-вокал чолғу ансамблининг катта коцерти билан якунланди.