Cил туфайли дунёда ҳар йили 4500 киши вафот этмоқда

24 март – Жаҳон силга қарши курашиш куни. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълум қилишича, сил касаллигига қарши глобал чора-тадбирлар амалга оширилишига қармасдан, у дунёдаги энг хавфли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили ушбу дард туфайли жаҳонда 4500 киши ҳаётдан барвақт кўз юмаётгани, дунёда мазкур хасталикка чалинган ҳар ўнта бемордан бирининг бола экани ҳам муаммо нақадар жиддий эканидан далолат беради.
2017 йилда сайёрамизда 10 млн инсонда сил касаллиги аниқланган бўлса, улардан 1,6 млн вафот этган. Шунинг баробарида ушбу йилда 1 миллион нафар бола ҳам мазкур дардга чалингани, улардан 230 минг нафари нобуд бўлгани маълум қилинган. ЖССТнинг қайд этишича, 2000-2017 йиллар давомида силни аниқлаш ва даволаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 54 млн инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шунча одамнинг ҳаёт шами бевақт сўнмаган. Бу каби глобал ишлар туфайли силга чалиниш ҳолатлари дунё бўйича ҳар йили 2 фоизга камайиб бораяпти. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, аниқроқ айтганда, бу кўрсаткични 4-5 фоизга чиқариш учун 2020 йилгача Силга қарши курашиш бўйича стратегияда белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли амалга оширишга эътибор қаратилмоқда.
Дунё бўйича силга чалиниш харитасига 2017 йил мисолида эътибор қаратсак, мазкур хасталик энг кўп тарқалган ҳудуд Жанубий-Шарқий Осиё ва Тинч океанининг ғарбий қисми (44 фоиз), Африка (25 фоиз), Шарқий Ўрта Ер денгизбўйи (7,7), Америка (2,8) ва Европа (2,7) эканини кўришимиз мумкин. Европа давлатларида сил асосан Руминия ва Болгарияда қайд этилган.