Европарламент пластик идишларни таъқиқловчи қонунни қабул қилди

Европарламент 2021 йилдан эътиборан Европа Иттифоқи ҳудудида пластикдан маҳсулотлар, шу жумладан, идиш-товоқлар, ошхона жиҳозлари, ичимликларни қадоқлаш ва ўраш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотишни таъқиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Ташаббус учун 560 депутат овоз берди, 35 нафари қарши, 28 нафари бетараф қолди.
Еврокомиссия маълумотига кўра, дунё океанларидаги чиқиндиларнинг 85 фоизи пластиклар ҳисобига тўғри келади. Уларнинг деярли ярими – бир мартали.
Ҳужжатга кўра, 2029 йилга бориб ЕИ мамлакатларида қайтадан ишлаш мақсадида ишлатилган пластик идишлар йиғимининг 90 фоизли даражаси таъминланиши керак. Бундан ташқари, қабул қилинган қонун “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилининг қўлловини кучайтиради. Хусусан, денгизда йўқолган қутилар учун балиқчилар эмас, балки қути ишлаб чиқарувчилар пул тўлайди.
Пластик идишни таъқиқлаган дунёдаги илк мамлакат Франция бўлди. Таъқиқ 2016 йилда қабул қилинган. Ўтган йилнинг баҳор фаслида Еврокомиссия пластик идишлар ва вилкаларни таъқиқлашни таклиф қилди.
Экологлар маълумотига қараганда, 2012 йилда дунё океанларидаги пластик чиқиндилар миқдори тахминан 165 миллион тоннани ташкил этган. 2014 йилда океан сатҳида 268940 тонна пластик мавжуд бўлган. Елим чиқиндилари алоҳида қисмларининг умумий миқдори беш триллондан кўпроқни ташкил этади.