Янги Зеландияда ҳалок бўлган мусулмонлар хотираси ёдга олинди

БУГУН Янги Зеландияда Крайстерч шаҳридаги Ал Нур ва Линвуд масжидларида содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлганларни умуммиллий хотиралаш маросими бўлиб ўтди.
“Radio New Zealand” радиосининг хабар беришича, Крайстерч шаҳридаги Хагли боғида ўтказилган тадбирда дунёнинг 59 та давлатидан келган 25 мингга яқин инсон иштирок этган. Маросимда юқори мартабали шахслардан Янги Зеландия генерал-губернатори Пэтси Редди, Бош вазир Жасинда Ардерн, Австралия Бош вазири Скотт Моррисон қатнашди. Унда теракт оқибатида ҳалок бўлганларнинг исм-фамилиялари бирма-бир тилга олинган.
«Дунё сурбет экстремизм қуршовида қолган. Бунга нуқта қўйиш керак. Биз бу муаммога қарши ёлғиз ҳолда кураша олмаймиз, бу биронтамизнинг қўлимиздан келмайди… Теракт оқибатида жабрланганларни юпатишга сўз топишнинг ўзи оғир. Лекин улар қаерга бормасин, “Ассалому алайкум!” деб кутиб олинаяпти», – деган Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн.
Жорий йилнинг 15 март куни Крайстчерч шаҳридаги Ал Нур ва Линвуд масжидларига террорчи ҳужум қилган, унинг қўлидаги қуролдан отилган ўқлар 51 кишини ҳаётдан олиб кетган, 50 га яқин инсон эса ярадор бўлганди. Янги Зеландия Бош вазири мазкур воқеани теракт деб атаган.