Эрон АҚШ устидан «юридик ғалаба» қозонди

ЭРОН ҳукумати Люксембург судининг АҚШ талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарорини олқишлади. Бундан етти йил муқаддам Нью-Йорк федерал суди Эрон “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотини 11 сентябр терактларини амалга оширишда “моддий қўллагани ва ресурслар тақдим этгани” ҳақидаги далилга эгалигини маълум қилиб, Теҳрондан 7 млрд долларга яқин зарарни ундириш ҳақида қарор қабул қилганди. Бунинг ортидан АҚШ суди теракт оқибатида қурбон бўлганларнинг оилаларига товон тўлаш учун Эрон ядро дастурига нисбатан қўлланилган халқаро санкциялар доирасида ушбу давлатнинг Люксембургдаги “музлатилган” активларидан 1,6 млрд долларини Америка ихтиёрига беришни ҳам белгилаб қўйганди.
Люксембург суди АҚШ суди қарори ижросини таъминлашдан бош тортгани сабабини изоҳлаб, бу борада халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла риоя этилганини маълум қилган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Баҳром Қосимий Люксембург суд инстанциясининг қабул қилган ҳужжатни изоҳлар экан, “Ушбу қарор, дунёда мустақил қарор қабул қилишга қодир судлар ҳали борлигини кўрсатди”, – деган бўлса, мамлакат Марказий банки раиси Абдулносир Ҳимматий Люксембург судининг қарорини «Эроннинг муҳим юридик ғалабаси», – деб атаган.
Теҳрон “Ал-Қоида”га ҳамда 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактларга алоқадор эмаслигини қатъий таъкидлаб келади.