Самартфонда яширилган хазина

Фото: Euronews

ПЛИМУТ университети (Буюк Британия) геологлари Аржан Дейкстр ва Колин Уилкинс яқинда ўзига хос тажриба ўтказиб, самартфонларда қанча миқдорда ноёб металл бўлишини аниқладилар.
Олимлар мобил телефонни обдан майдалаб, ҳосил бўлган кукунни перекис натрий билан аралаштириб Целси шкаласи бўйича 500 даражагача қиздирдилар. Шундан сўнг ҳар бир элементнинг оксиди ажратиб олиниб, уларга махсус кислота билан ишлов берилгач, масс-спектрометр аппарати ёрдамида металларнинг соф миқдори ҳисоблаб чиқилди.
Тажрибадан маълум бўлишича, смартфонлар таркиби қимматли ва ноёб металларга сероб экан. Жумладан, олимлар битта смартфонда 90 мг кумуш, 36 мг қизил олтин, 20 мг тантал каби қимматбаҳо металлар борлигини аниқлаш билан бирга, неодим, диспрозий, гадолиний ва празеодим каби камёб металлар учрашини ҳам аниқлашга муваффақ бўлдилар.
Тажрибадан олимлар шундай хулосага келдиларки, келажакда смартфонларни қайта ишлаш сердаромад соҳага айланиши мумкин экан.