Ўзбекистонлик педагоглар Академик Палма мукофоти кавалери унвони билан тақдирланди

Франция элчихонаси тақдим этган сурат.

ФРАНЦИЯНИНГ Ўзбекистондаги элчихонаси тавсиясига биноан ҳамюртларимиздан бир гуруҳига мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларига қўшган ҳиссаси учун Франция ҳукумати томонидан Академик Палма мукофоти кавалери унвони берилди. Бу ҳақда Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси хабар берди.
Бундай шарафга Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети француз тили фонетикаси, француз тили лексикологияси кафедралари собиқ мудири, филология фанлари номзоди Лола Абдушукурова (вафотидан сўнг), Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг чет тиллар бўйича методисти Гулсун Назарова, Олмалиқ туманидаги 22-сон умумтаълим ўрта мактабида ҳамда Олмалиқ туманидаги академик лицейда француз тили ўқитувчиси бўлиб ишловчи Баҳром Ўринбоев ҳамда Ўзбекистон миллий университети француз филологияси кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор, «Ўзбекистон-Франция» дўстлик жамияти ижрочи директори Раҳима Ширинова муяссар бўлди.
Мукофотларни ўз эгаларига Франциянинг мамлакатимиздаги элчиси Виолен де Вилмор топширди.