Россия Қозоғистоннинг янги раҳбарига АЭС қуриб беришни таклиф этди

Фото: Intex-press

РОССИЯ президенти Владимир Путин Москва ва Нур-Султон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Россия технологиясидан фойдаланган ҳолда Қозоғистонда АЭС қуришни таклиф этди.
ТАССнинг хабар беришича, бундан ташқари, томонлар космик соҳада, шу жумладан «Бойқўнғир» космодроми доирасида яқин ҳамкорлик ўрнатган. Ўтган йили космодромни ижарага олиш муддати 2050 йилгача узайтирилган эди.
Қозоғистон Энергетика вазири ўринбосари Магзум Мирзагалиевнинг айтишича, мамлакат атом электр станциялари қуришни истайди, бироқ бу борада ҳали қарор қабул қилинмаган ва энг мос технология танланмаган. Шунингдек, у Қозоғистоннинг Алмати вилоятида атом станцияси қуриш учун мўлжалланган ҳудуд мавжудлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда ҳам давлат раҳбари алмашгач, Россия томони таклиф этган энг йирик лойиҳа – атом электр станцияси қуриб бериш бўлганди. Ушбу таклифдан сўнг томонлар ўртасида музокара бошланган ва Москванинг АЭС бўйича таклифи қабул қилинган эди. Катта эҳтимол билан айтганда, Қозоғистонда ҳам худди шундай бўлади.