ҲАР БИР БОЛАГА – ҲАЁТ!

ЖАҲОН соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИСЕФ ҳамкорликда тайёрлаган Сув, санитария ва гигиена (ССГ) мониторинги бўйича янги ҳисоботда айтилишича, жаҳондаги мавжуд тиббиёт муассасаларининг чоракдан бир қисми ҳатто оддий сув таъминотига эга эмас. Бу муассасаларда сайёрамиздаги 2 миллиард кишига хизмат кўрсатилади.
Ҳисоботда, шунингдек тиббиёт муассасаларида қўлнинг гигиеник ҳолатини сақлаш, тиббий чиқиндиларни саралаш ва йўқ қилиш учун оддий шароитлар мавжуд эмаслиги ҳам таъкидланган. Бундай ҳолатлар эса инфекцияларга қарши курашиш, микробларга нисбатан қўлланиладиган дори-дармонларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда тиббий хизмат сифатини яхшилашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Соғлиқни сақлаш муассасалари сув таъминотига эга бўлиши, санитария ва гигиена талабларига амал қилиниши инфекцияларга қарши курашиш ва тиббий хизмат сифатини оширишнинг гаровдир. Улар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилувчи ҳар бир инсоннинг, шу жумладан, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқи ва қадри ҳурмат этилишини кўрсатувчи омиллардан саналади, – дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш. – Мен барчани тиббиёт муассасаларини ССГ билан таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақираман. Барқарор тараққиёт мақсадига эришишимиз кўп жиҳатдан ушбу омилларга ҳам боғлиқдир».
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, нисбатан ривожланган давлатларларда тиббиёт муассасаларининг 55 фоизигина сув таъминотига эга. Бу давлатлар ҳиссасига дунёдаги ҳар туғруқнинг бешинчиси тўғри келади. Ушбу мамлакатларда ҳар йили 17 миллион нафар аёл сув таъминотига, санитария ва гигиена шароитларига эга бўлмаган туғруқхоналарда фарзанд дунёга келтиради.
«Бола оддий сув таъминоти, санитария ва гигиена воситаларига эга бўлмаган тиббиёт муассасасида туғилса, бу унинг ҳам, онасининг ҳам хавфли инфекцияларга чалиниш эҳтимолини кучайтиради, – дейди ЮНИСЕФ ижрочи директори Генриетта Фор. – Ҳар бир бола дунёга келганда стерил жиҳозлар фойдаланилган озода хоналарда, совун билан ювилган ишончли қўлларда бўлиши зарур».
Афсуски, бундай шароитлар мавжуд бўлмаган туғруқхоналарда ҳар йили 1 миллион ўлим ҳолати қайд этилаяпти. Янги туғилган чақалоқларнинг 26 фоизи, оналарнинг эса 11 фоизи хавфли инфекцияларга чалиниш туфайли вафот этаяпти.
«Сиз хавфсиз сув таъминоти, ҳожатхона ва қўл ювиш учун сув бўлмаган тиббиёт марказида фарзандингизни дунёга келтиришни тасаввур этаоласизми, — деб ўз ташвишини билдиради Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти директори Тедрос Адханом Гебрейесус. – Бу эса миллионлаб одамлар учун одатий ҳолга айланган. Ҳеч ким бундай шароитга тушмаслиги, биронта соғлиқни сақлаш ходими бундай шароитларда хизмат кўрсатишга мажбур бўлмаслиги керак. Барча тиббиёт муассасаларида сув таъминоти, санитария ва гигиена шароитлари мавжуд бўлиши дунёда соғлом авлодларни дунёга келтиришнинг муҳим омилидир».
Шу боисдан, 2019 йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг навбатдаги сессиясида ҳукуматлар вакиллари жорий йилнинг бошида ЖССТ Ижроия қўмитаси томонидан бир овозда тасдиқланган «Соғлиқни сақлаш муассасаларида сув таъминоти, санитария ва гигиена» дастурини муҳокама этадилар. Унда мавзу бўйича иштирокчи давлатлар ҳукуматларига мавжуд вазиятни яхшилаш борасида тавсиялар, мажбуриятлар ҳақида сўз юритилган. ЮНИСЕФ эса ўзининг «Ҳар бир болага — ҳаёт» кампанияси доирасида ҳукумат ва давлат органларини ҳар бир она ва ҳар бир бола учун тегишли шароитлар яратишга чақиради.