Қонунчилик палатасида қўшма йиғилиш ўтказилди

Фото: parliament.gov.uz

ОЛИЙ Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланишича, жорий йилинг 24 январь — 18 март кунлари Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳудудлар кесимида барча туман ва шаҳарларни қамраб олган ҳолда, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволини ўрганган.
Ўрганишлар давомида сурункали касалликларга чалинган қарийб 42,7 минг нафардан зиёд фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 6,3 минг нафарига амбулатор, 3,8 минг нафарига туман, 1,6 минг нафарига вилоят ва 292 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди ҳамда 379 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Шунингдек, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар, Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчилик ва муаммолар ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда Ишчи гуруҳининг фаолияти давомида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ҳам аниқлангани айтиб ўтилди ва соҳага оид “Йўл харитаси”даги тадбирларнинг ижросини белгиланган муддатларда тўлиқ ва сифатли таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар устидан доимий парламент назоратини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.