Москвада МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

Фото: mid.ru

2019 йил 5 апрел куни Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди.
Йиғилишда МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалалари ҳамда иштирокчи давлатларнинг ўзаро алоқаларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Тадбирда А.Камилов сўзга чиқиб, ўз нутқида Ўзбекистон сўнгги 2 йилда МДҲ доирасидаги фаолиятини жадаллаштиргани ва айни пайтда Ҳамдўстликнинг қарийб 50 та тармоқ органлари ишида тўлиқ иштирок этаётганини таъкидлади.
Йиғилишда 1941-1945-йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ҳарбийларининг қабрлари ва ҳарбий ёдгорликларни сақлаш ва асраб-авайлашга доир мурожаат, МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги шерикчиликни фаоллаштириш бўйича Ҳаракатлар дастури каби бир қатор қарорлар қабул қилинди.