Исроилда касаллик ташхисини сохталаштирадиган дастур яратилди

ИСРОИЛЛИК дастурчилар беморларнинг МРТ ва КТ натижаларини масофадан туриб ўзгартириш мумкин бўлган янги вирусни ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда хабар тарқатган «Washington Post» газетасининг ёзишича, агар дастур кенг тарқатиб юборилса, бунинг оқибатида ўнлаб одамлар вафот этиши мумкин.
Олимлар томонидан ишлаб чиқилган дастур юқоридаги аппаратлар орқали олинган тасвирларга ўта хавфли ўсмаларнинг аниқ кўринишини қўшиши ёки уларни олиб ташлаши мумкин. Тадқиқотчилар дастурнинг самарадорлигини синаб кўриш мақсадида тажриба ўтказиб, унга уч нафар малакали радиологни таклиф этган. Афсуски, улар дастур ёрдамида ўзгартирилган тасвирларни ҳақиқийсидан ажрата олмаганлар.
Тажрибанинг кейинги босқичида мутахассислар тиббиёт муассасасининг касалликлар ахборот тизимига вирус киритишга ҳаракат қилдилар. Бу жараён ҳам 30 сония ичида осонлик билан амалга оширилди ва дастурнинг самарадорлигини кўрсатди.
Мазкур дастур беморларнинг ташхис натижаларини қасддан ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқилгани жамоатчиликни ташвишлантираяпти.