Шакар ҳақида яна бир аччиқ ҳақиқат

ГУМБОЛДТ номидаги Берлин университети олимлари Уорик университети ва Ланкастер университетидаги ҳамкасблари билан тадқиқот ўтказдилар.
Тажриба давомида тадқиқотчилар шакарнинг ғайриоддий хусусиятини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Яъни, ширин егуликлар кайфиятни кўтариши ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз экани, аслида, шакар одам организмига салбий таъсир кўрсатиши яна бир бор исботланди. Хусусан, ушбу маҳсулот диққатни камайтириши ва чарчоқни ошириши маълум бўлди.
Тадқиқотда мингдан зиёд кўнгилли иштирок этган. Улар мисолида олимлар шакарнинг организмга ҳамда кайфиятни кўтаришга қандай таъсир этишини ўргандилар. Маълум бўлишича, шакар қанча миқдорда истеъмол қилинишидан қатъи назар, кайфиятни яхшилашга таъсир кўрсатмас экан.
Уорик университети профессори Элизабет Мейлор одамлар «шакарнинг хусусиятлари» ҳақида бундай ҳақиқатларни билиб олишлари ва бу маҳсулотни камроқ истеъмол қилишга одатланишларига умид билдирган.