G-7 давлатлари Россиядан хавотирда

ШУ боисдан “катта еттилик”ка аъзо давлатлар Россиянинг Венесуэла, Украина ва стратегик коммуникациялар бўйича ҳаракатларига қарши ҳамкорликда курашиш юзасидан баёнот қабул қилдилар. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
G-7 давлатларининг дипломатик миссиялари раҳбарлари Россияни бошқа давлатларнинг демократик тузилмалари ишига аралашиш орқали халқаро вазиятни беқарорлаштиришга уринаётгани учун танқид қилдилар. Шунингдек, улар расмий Москвани Ўрта ва қисқа масофага учиришга мўлжалланган ракеталарга оид шартномага амал қилишга чақирдилар.
Бундан ташқари, дипломатлар томонидан Венесуэлада Россия қуролли кучларининг мавжудлиги мамлакатдаги вазиятни янада издан чиқариши мумкинлиги таъкидланган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса бу каби эътирозларга жавобан, Венесуэладаги рус ҳарбий мутахассислари етказиб берилаётган ускуналарга хизмат кўрсатмоқда, деган.
Дипломатия идоралари раҳбарлари Украинада президентлик сайлови шаффоф ўтишини кутишмоқда. Шунингдек, улар Россияни Керч бўғозида содир бўлган воқеа натижасида 2018 йил 25 ноябрда ҳибсга олинган украиналик денгизчиларни озод қилишга чақирдилар.
Эслатиб ўтамиз, G7 га аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг учрашуви шу йилнинг 5-6 апрел кунлари Францияда бўлиб ўтди.