Аҳолишунослик бўйича янги ҳисобот

БМТнинг Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича комиссияси эълон қилган ва ташкилотнинг бош котиби Антонио Гутерреш томонидан тақдим этилган ҳисоботга кўра, сайёрамиз аҳолиси 2050 йилга бориб 9,7 миллиард кишига этади.
Ҳозирги кунда ерликлар сони 7,7 миллиарддан ошган ва аср охирига келиб бу кўрсаткич 11 миллиардни ташкил этади. Сайёрамиз аҳолиси, асосан, Африка, Марказий Осиё ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари аҳолиси ҳисобига кўпайиб бораяпти. Айни вақтда, Лотин Америкаси, Шимолий Америка ва Европа давлатларида аҳоли сони борасида сезиларли ўзгариш кузатилмаган.
Ҳисоботга кўра, одамларнинг умр кўриш давомийлиги ортиб бормоқда ва туғилиш даражаси камайган. Шу сабабли мутахассислар ривожланган мамлакатларда 65 ёшдан ошган аҳолининг улуши кўпайишини тахмин қилмоқдалар. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Европада ушбу кўрсаткич 28 фоизга, Шимолий Америкада эса 23 фоизга етади.
Яна бир тренд – оммавий урбанизация жараёни. Бугунги кунда шаҳар аҳолисининг улуши 56 фоизни ташкил этса, 2030 йилга бориб 60, 2050 йилда эса 68 фоизга етади.