Садаф тишларнинг миллиард долларлик бозори

МАЪЛУМОТЛАРГА кўра, 2018 йилда АҚШ стоматологияси бозорининг ўсиши 2,5 фоизни ташкил этиб, соҳа 135 миллиард доллар даромад келтирган. Бу йўналишда мамлакат бўйича жами 186 мингдан зиёд тадбиркор ишлайди ва уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Текис ва қордек оппоқ, табассумни янада жозибали қилиб кўрсатадиган тишларга эга бўлишини ким истамайди, дейсиз? Афсуски, жуда ҳам кам одамларгина бундай туҳфага табиатан эга бўладилар. Тишлари кино юлдузлариникидек бўлишни хоҳлайдиганларга эса стоматолог хизмати керак бўлади. Бундай ниятдагиларни дунёнинг исталган мамлакатида учратиш мумкин ва улар мақсаларига эришиш учун миллионлаб долларларни баҳридан ўтишга ҳам тайёр. Талаб, эҳтиёж эса стоматология саноати гуркираб ривожланишини таъминламоқда.
Таъкидлаш керак, стоматология инсон саломатлигига кўрсатадиган таъсири чегараларини аста-секин кенгайтирди. Оддий усул билан тиш даволаш ва протезлашдан ташқари, стоматологик йўллар билан нафас олиш, буйраклар ва ҳатто юрак билан боғлиқ муаммоларни тўғирлаш имкониятлари яратилди. Оғизда ҳатто битта тиш қолмаган тақдирда ҳам протезлаш йўли билан тишларни тиклаш, уларнинг табиийсига ўхшаш даражаси 98 фоизга етгани эса янгилик бўлмай қолди. Бугунги кунда айрим лабораторияларда табиий тиш ҳужайраларини ўстириш ишларининг сўнгги босқичи якунланмоқда.
Турли манабаларга кўра, Россия стоматология хизматлари бозорининг йиллик айланмаси 1 миллиард долларни ташкил этади ва соҳада 85 мингдан ортиқ мутахассис фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, мамлакатда бизнеснинг бу тури сезиларли тарзда кенгайиб бораяпти. Ғарбнинг энг сўнгги, инновацион технологиялари нисбатан кечикиб келаётган бўлса-да, мижозлар соҳа хизматидан мамнун бўлмоқдалар.
Замонавий клиникаларни рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди ва бундан стоматология соҳаси ҳам мустасно эмас. Шунинг учун, тиш даволаш хоналарида турли хил янги техникалар бўлиши заруратга айланди. Масалан, рақамли сканерлар ва компьютер томографияси тиш шифокорларининг беминнат ёрдамчиси ҳисобланади ва бундай ускунанинг нархи одатда 200-250 минг доллар туради. Ва табиийки, врачнинг малакаси стоматологик амалиёт тўғри амалга оширилишида энг муҳим омил сифатида кўрилади. Соҳада рақобатбардошликни оширишда ҳам мутахассис малакаси ҳал этувчи масала ҳисобланади. Бу борада бошқарув ва оддий ходимлар мунтазам равишда малака ошириш курсларида ўқишлари шарт. АҚШда бундай курсларда ўқиш нархи кунига тахминан 1 минг долларни ташкил этади. Ўқиш давомийлиги бир неча ҳафта ёки ундан кўпроқ давом этадиган 50 минг долларлик курслар ҳам мавжуд. Шу боисдан, Америкада ҳам ҳамма стоматологларнинг бундай курсларда малака оширишга имконияти етмайди.
Энг сўнгги техника воситалари билан жиҳозланган замонавий клиника очиш истагида бўлганлар бунинг учун камида 500-700 минг доллар сарфлашларига тўғри келади. Агар бироз фарқи бўлмаса, АҚШ, Европа мамлакатларида кичик хусусий тиш клиникаси ташкил этиш шунча пулга тушади.
Бироқ, хизматлар нархининг юқори даражада эканлиги ҳар доим ҳам сарф-харажатни қоплашга кафолат беравермайди. Ускуналар ва материалларнинг нархи инфляция ва бошқа омилларга кўра йилдан-йилга ўсишда давом этмоқда. Табиийки, харажатларни қоплаш ва даромад олиш учун хизматлар нархи ҳам оширилади. Лекин, катта харажат қилишга ҳамма мижозларнинг ҳам имкони йўқ. Мисол учун, Москвада даволанишга комплекс ёндашиш (кенг қамровли диагностика, оғиз бўшлиғини тўлиқ қайта тиклаш, жағнинг ўрнини тиклаш, воказо) тахминан 50 минг доллар туради.
Ҳар бир соҳада ўзига хос муаммолар бўлиши табиий. Юқорида стоматология бозоридаги айрим масалалар ҳақида тўхталиб ўтдик. Нима бўлган тақдирда ҳам стоматология тиббиётнинг бошқа тармоқлари каби ривожланишда давом этмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам. Айниқса, пойтахтимизда ривожланган мамлакатларда кўрсатиладигандек хизматларни таклиф этаётган стоматология клиникалари сони ортиб бормоқда. Табиийки, улар қанча кўп бўлса, рақобат ҳам шунча кучли бўлади, хизматлар нархи ўзаро мувофиқлаштириб турилади.