Брунейда шариат қонунлари кучга кирди

БРУНЕЙ Жанубий-Шарқий Осиёда шариат қонунлари кучга кирган биринчи мамлакат бўлди.
Мамлакатда исломий қонунлар тўрт йил олдин қабул қилинган эди, бироқ султон Ҳассанал Болкиах халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ танқидидан сўнг, уларни амалиётга жорий этмаганди. Бугунга келиб султон нега қарорини ўзгартиргани маълум эмас, лекин 3 апрелдан бошлаб Брунейда шариат қонунлари кучга кирди.
Шариат қонунлари 430 минглик мамлакат аҳолисининг учдан икки қисмини ташкил этувчи мусулмонларга нисбатан қўлланилади. Энди зино қилган фуқаро тошбўрон қилинади, ўғрининг эса қўли кесилади. Қатор жиноятлар учун жазо омманинг кўз ўнгида ижро этилади ва ҳар бир киши жиноятчи қандай жазоланишини кузатиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет, султонликнинг янги қонунини «шафқатсиз» эканини айтди. У, бу инсон ҳуқуқлари кафолати соҳасида «жиддий чекиниш» эканини таъкидлади ва Бруней ҳукуматини шариат қонунларини жорий этишни бекор қилишга чақирди. Шунингдек, кўплаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари султонликдаги янги тартибни кескин танқид қилдилар.