УЧҚЎРҒОННИ КЎРИНГ, ҲАВАСИНГИЗ КЕЛАДИ

БУНЁДКОР халқимиз бугун яратувчанлик иштиёқини тўла-тўкис намоён этиш, ўз Ватани, қишлоғу маҳалласи, хонадонини обод қилиш билан машғул. Эзгу ташаббуслар, хайрли юмушлар сари кенг йўл очилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Бевосита Президентимизнинг ташаббуси ва тавсиялари асосида вилоятда кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг наманганликлар билан учрашувлар чоғида ҳудудни ривожлантириш, уни янада гўзал ва обод масканга айлантириш юзасидан билдирган фикрлари, кўрсатган йўл-йўриқлари бош мезон қилиб олинди.

Учқўрғон тумани Фарғона водийсининг шимолида – Қирғизистон билан чегарада жойлашган. Туман аҳли ва экинзорлари Норин дарёсидан сув ичади, табиати гўзал ва сўлим. Одамлари меҳнаткаш ва мард, бир сўзли. Сўнгги йилларда Учқўрғон туманида ҳам бунёдкорлик ва ободлик ишларига катта эътибор қаратилди. Бу эса ҳар бир учқўрғонликнинг юрагида эртанги кунга умид уйғотмоқда.

Туманга Азимжон Ваҳобов ҳоким этиб тайинлангач, сезиларли  ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Учқўрғон шаҳрида авваллари хароб бўлиб ётган собиқ ип-йигирув комбинати ўрнида замонавий “ЎзтексУчқўрғон” корхонаси иш бошлади.

Бир неча йиллардан буён зулматга чўккан Учқўрғон шаҳрининг марказий кўчалари замонавий чироқлар воситасида чароғон бўлди. Ўнқир-чўнқир йўллар асфалтланди, ободончиликка эътибор берилиб маиший чиқиндилар ташлаш учун махсус жойлар ташкил этилди. Анча йиллар аввал ёпиб қўйилган, аҳолини сарсон қилаётган йўлларнинг қайтадан очилиши одамларнинг узоғини яқин қилди.

Норин дарёси бўйида қаровсиз қолган ҳудудлар тадбиркорларга берилиши ажратилиши натижасида турли дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилмоқда. Дарё бўйига тунги пайтда ранго-ранг чироқли аркалар ўрнатилди. Бу билан аҳоли учун тунда бемалол сайр қилиш, хавотирсиз ҳордиқ чиқариш имконияти яратилди.

Янги қурилишлар авж олмоқда. Туман марказида жойлашган Иқтисодиёт коллежининг фойдаланилмаётган 3 қаватли ётоқхона биноси таъмирланиб, кам таъминланган эҳтиёжманд оилалар учун уйларга айлантирилди, пастки қаватда хонадон эгалари учун иш ўринлари яратилди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” ва бошқа давлат дастурлари ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли туманимиз кундан-кун чирой очиб бормоқда. Энг асосийси,  ўзгаришларни нафақат учқўрғонликлар, балки, меҳмонлар ҳам ҳис қилмоқдалар. Ҳаётий бир мисол. Яқинда қўшни Қирғизистондан келган меҳмонлардан бири буни эътироф этиб: “Илгари дарёнинг нариги томонида туриб зим-зиё ҳудудни кўрар эдик, энди эса Учқўрғонга қараб ҳавасимиз келади!  Ҳозирги ҳокимингиз жуда ҳам ғайратли ва дидли чиқиб қолди, отасига балли!”, – деди.

Ҳақиқатан ҳам, ишлаган одамнининг меҳнати самарасини тан олиш маддоҳлик эмас, мардликдир. Шу ўринда биз ҳам шижоатли ҳокимга қарата “Ҳорманг, барка топинг, асло чарчаманг, бошлаган эзгу ишларингиз бардавом бўлсин!”, – деймиз.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонимиз жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Бу шаҳару қишлоқларимиз обод, турмушимиз фаровонлашиб бораётгани, юртдошларимиз онгу шуури юксалаётганида зоҳир. У жонажон Ватанимизнинг бир бўлаги бўлган Учқўрғоннинг бугунги жамолида ҳам акс этиб турибди.

Муҳаммадсоли АДАШЕВ,
Учқўрғон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби директори