Дунё “томи” чўкдими?

НЕПАЛ ҳукумати олимлар ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Эверест чўққисига алпинистлар гуруҳини юбормоқда. 10 апрел куни йўлга чиқадиган алпинистлар тоғнинг баландлигини аниқлаб, бу борадаги тортишувларга нуқта қўйишни режалаштирган.
Аксарият олимларнинг фикрича, Эверест чўққиси жойлашган тоғ тизмаси 2015 йилда Непалда содир бўлган кучли зилзила оқибатида чўккан. Ҳозирда 8848 метр деб расман эътироф этиладиган чўққининг баландлиги 1954 йилда аниқланган эди.
«Зилзиладан сўнг Эверестнинг баландлиги ўзгаргани ҳақида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Демак, масалага аниқлик киритиш керак. Шу боисдан, биз бу ишга киришдик. Экспедицияга тайёргарлик кўриш 2017 йилда бошланган эди. Гуруҳ аъзолари баландликни ўта аниқликда ўлчайдиган замонавий асбоблар билан таъминланган», – дейди экспедиция координатори Сушил Дангол.
Унинг яна айтишича, режани амалга ошириш осон бўлмайди, бироқ тажрибали алпинистлар миссия муваффақиятли якунланишини маълум қилганлар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 13 октябрида Ҳимолайда юз берган қор кўчкиси оқибатида тўққиз нафар алпинист ҳалок бўлган эди.