101 ўзбек ўғлони мангу ором топган Амерсфорт

БУГУН, 9 апрел куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да 77 йил илгари Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳрида фашистлар томонидан отиб ташланган ўзбекистонлик қаҳрамонлар хотирасига бағишланган бевосита телеконференция бошланди.
БЕНИЛЮКСдаги мамлакатимизнинг элчихонаси, Нидерландия ватандошлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган мазкур телеконференцияда “101” романи муаллифлари Анвар Эргашев ва Юлия Медведовская, нидерландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг, унинг ҳамкасблари, шунингдек давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатлар, маҳаллий ва хорижий етакчи ОАВ вакиллари иштирок этади.
Маълумот ўрнида айтиш керак, фашистларнинг Нидерландиядаги Амерсфорт концлагерига 1941 йили Смоленск яқинида асирга олинган 101 совет аскари олиб келинган — уларнинг бари ўзбекистонлик эди. Уларнинг 24 нафари 1941 йилнинг қаҳратон қишида ҳалок бўлган, қолган 77 нафарини эса нацистлар кучсизланиб, бирор ишга ярамай қолганидан сўнг, 1942 йил 9 апрелда концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташлашган. Бу воқеа — 101 нафар ўзбекистонлик аскарлар ҳақида биринчи бўлиб 2017 йилнинг майида нидерланд тарихчилари, архившуносларига асосланиб «Би-би-си» хабар берганди.
Нидерландия ҳукумати ўзбекистонлик жангчилар отиб ташланган жойда ёдгорлик мажмуаси бунёд этган. Ҳар йили баҳорда, 9 апрел куни мамлакат жамоатчилиги эрта тонгдан бу ерда йиғилиб хотирлаш тадбирини ўтказади, 101 та шам ёқилади. Фашистлар концлагерида инсон боласи дош бериши қийин бўлган азоб-уқубатлар олдида иродаси букилмаган ўзбекистонлик қаҳрамон жангчилар хотирасига ҳурмат бажо келтирилади.