Мамлакатимиз халқаро темирйўл тармоғига қўшилди

«НК «Қазақстан темір жолы» компанияси матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Хитой-Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темирйўл тармоғига қўшилди.
«Жорий йилнинг 4 апрел куни Олма-Ота шаҳрида Қозоғистон, Хитой, Эрон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари темирйўл компаниялари вакиллари халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ривожлантириш масалаларини муҳокама этдилар. Учрашув якунида Хитой–Қозоғистон–Туркманистон–Эрон темирйўл йўлагига Ўзбекистон ҳам қўшилди. Томонлар Тошкентнинг бу борадаги таклифини бир овоздан маъқулладилар», – дейилган хабарда.
Қайд этилишича, ушбу халқаро темирйўл орқали 2018 йилда 1 мингта йигирмафунт эквиваленти миқдорида юк ташилган. Мамлакатимизнинг қўшилуви туфайли мазкур тармоқ янада узайди ва табиийки, у орқали юк ташиш ҳажми ҳам ортади.
Йиғилишда Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон-Туркманистон–Эрон темирйўл йўлагини ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама этилиши баробарида, томонлар комплекс тариф ставкалари бўйича ҳам келишувга эришди.