Иқлим ўзгариши инсониятни огоҳликка чақирмоқда

Фото: OV - Business News

2018 йилнинг ёзи жуда иссиқ келди. Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошиб кетди. Саратоннинг бу тарзда иссиқ келиши мамлакатимиз тарихида анча йиллардан бери кузатилмагани айтилди. Олимлар эса ўтган йилнинг ёзида дунё миқёсида юқори ҳарорат кузатилгани ва 1880 йилдан буён энг иссиқ ёз 2018 йилда қайд этилганини тасдиқлаб, эндиликда Ер шарида ҳарорат йилдан йилга кўтарилиб боришини таъкидладилар. Бундан энг аввало атроф-муҳит ҳимоячилари хавотирга тушиб, глобал исиш ва иқлим ўзгариши инсон фаолияти натижаси эканлигига урғу бериб, халқлар, мамлакатларни огоҳликка чақираяптилар. Боз устига жорий йилнинг ёзи янада иссиқ келиши башорат қилинаяпти.
Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ)нинг жорий йил январ ойида эьлон қилинган ҳисоботида айтилишича, 2015, 2016 ва 2017 йилларда ҳам энг юқори ҳарорат қайд этилган. Умумий кўрсаткичлар солиштирилганда эса, кейинги тўрт йил давомида Ер юзида ҳарорат ўртача 1,2 даражага кўтарилгани маълум бўлди.
Сайёрамизда ҳарорат бу тарзда тезкор кўтарилишининг таъсирини Австралиядаги бўронлар, Қўшма Штатлардаги қаҳратон қиш, сув тошқинлари, Шимолий қутбдаги музликларни эриётгани мисолида кўриш мумкин. Бундан ташқари, олимлар ўтган йили кузатилган «Майкл» ва «Флоренция» каби вайронкор довуллар ҳам иқлим ўзгариши туфайли юз берганини таъкидладилар. Шунингдек, улар исиш жараёнига қутб оқимларининг таъсири борлигини аниқладилар. Бу келгусида шимолий-шарқий минтақаларда совуқ об-ҳаво ҳукмрон бўлишини англатади.
Иқлим ўзгариши туфайли кузатилган табиий офатлар ҳақида гап кетганда, 2018 йилда Калифорния ва Грециядаги ўрмон ёнғинларини, Жанубий Африкадаги қурғоқчилик ва Ҳиндистоннинг Кералидаги сув тошқинларини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Атмосферага иссиқхона газларининг рекорд даражада чиқарилиши глобал исишнинг асосий сабабидир.
NASA, Буюк Британия, АҚШ ва БМТнинг метеорологик ташкилотларининг умумий хулосасига кўра, яқин беш йил давомида ҳарорат сезиларли тарзда кўтарилади. Хусусан, инсоният 2014-2023 йиллар оралиғида охирги 150 йил давомидаги энг иссиқ даврни бошдан ўтказади.
2019 йилда ҳам ҳаво ҳароратининг ошиши кузатилмоқда. Жумладан, январ Австралияда об-ҳаво кузатувлари тарихидаги энг иссиқ ой бўлди. Қўшма Штатларнинг айрим ҳудудларида эса аксинча, Шимолий қутбнинг совуқ шамоллари туфайли рекорд даражадаги паст ҳарорат қайд этилган.
Россиялик иқлимшунослар 2019 йил иссиқ ҳарорат бўйича рекорд ўрнатишини таъкидламоқдалар. Экспертлар бу ҳолатни ўтган йили атмосферага чиқарилган газ эмиссияси ҳаддан зиёд кўпайиб, максимал даражага етганлиги билан изоҳлаяптилар. Бошқача айтганда, атмосферадаги карбонат ангидрид ва бошқа газларнинг катта миқдори Ер юзасида ўртача ҳароратнинг ошишига олиб келади ва шу билан бирга глобал исишни тезлаштиради.
Сайёрамизда ҳаво ҳароратининг бу тарзда кўтарилиб бориши турли экологик фалокатларга олиб келиши мумкин. Бундан нафақат одамларга, балки барча тирик мавжудотга зарар етади. Масалан, глобал исиш денгиз флораси ва фаунаси учун хавф туғдиради.
Жаҳон метеорология ташкилотининг мутасаддиси Умар Бадрнинг айтишича, иқлим ўзгариши араб мамлакатларида қурғоқчилик ва чўлланиш даражасини кучайтиради. Айни пайтда ҳам кўплаб араб давлатлари сув танқислигидан азият чекаётганини инобатга олсак, ҳаво ҳарорати ошиб бориши билан бу муаммо янада жиддий тус олишини тахмин қилиш мумкин.
Германиянинг Макс Планк институти маълумотида айтилишича, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги ҳарорат дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан икки баробарга ортади. Бу Робот шаҳридан Теҳронгача бўлган шаҳарларнинг бутун белбоғи қурғоқчилик, иссиқ ҳаво ва чанг бўронлари комида қолади, деганидир. Немис олимларининг ҳисоб-китобига қараганда, яқин йилларда мазкур минтақада энг иссиқ кунлар 16 кунга кўпаяди ва куннинг иккинчи ярмида ҳарорат 46 дан, кечаси эса 30 даражадан кам бўлмайди.
2100 йилга бориб, Форс кўрфазида ҳарорат Целси шкаласи бўйича 50 даражага етади, намлик даражаси эса 10 баробар ошади. «Nature» журналида эълон қилинган тадқиқотда эса, 2100 йилга бориб Форс кўрфази мамлакатлари яшаш учун яроқсиз бўлиб қолиши баён этилган.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги яна бир жиддий муаммо, юқорида айтилганидек, сув танқислигидир. Иқлим ўзгариши ёғингарчиликларга аллақачон салбий таъсир кўрсатган ва келажакда ҳам давом этади. Шунинг баробарида, айрим соҳилбўйи мамлакатларида, мисол учун, Яманда ёғингарчилик кўпайиб кетади.
Иқлим ўзгаришининг сиёсий жиҳатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу масаланинг оқибатлари фақат жиддийлашади. Мисол учун, Суриянинг шарқий қисмида юз берган қурғоқчилик (2007-2010 йиллар) туфайли 1,5 миллион аҳоли шаҳарларга бош олиб кетишга мажбур бўлган. Эронда ўтган асрнинг 90 йилларидан буён давом этаётган жиддий қурғоқчиликлар ҳам минглаб фермерлар ва қишлоқлар аҳолисини шаҳарлар томон бошламоқда. 2011 йилда Сурияда бошланган урушнинг бир жиҳати ушбу масалаларга боғлиқ бўлса, Эронда содир бўлган тартибсизликлар ва норозиликларнинг туб сабаблари ҳам қурғоқчилик туфайли кун кўриш машаққатга айланиб кетгани билан боғлиқдир.
Бундан ташқари, оддий сув танқислиги дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларнинг ҳукумати учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб, бу борада қўлга қурол олиниши, натижада ўртада уруш бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Ўтган яқин йилларда бунга ҳатто гувоҳ ҳам бўлдик. Мисол учун, Эфиопия Нил дарёси узра йирик тўғон барпо этишни бошлаганида, бу дарёнинг сувига муҳтож бўлган Миср унга қарши уруш бошлаш билан таҳдид қилганди. Афсуски, трансчегаравий дарёлар туфайли мамлакатлар ўртасида низо бошланиб кетадиган минтақалар сайёрамизда кам эмас.
Тўғрисини айтганда, олимлар юқоридаги каби оқибати оғир башоратларни эълон қилиш билан чекланиб қолаётганлари йўқ. Улар иқлим ўзгариши ва глобал исиш жараёнини мумкин қадар секинлаштиришга хизмат қиладиган самарали лойиҳа ва режалар устида тинимсиз изланмоқдалар. Бу борада оддий, лекин натижаси сезиларли бўлган бир қанча лойиҳалар тақдим этилган. Атмосфера ҳавосига саноат натижасида ҳосил бўладиган газлар чиқаришни камайтириш, қурғоқчилик ва иссиққа чидамли озуқабоп ўсимликлар навидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига сувни тежаш имконини берадиган технологияларни кенгроқ ва тезроқ жорий этиш шундай лойиҳалардандир.
Афсуски, айрим мамлакатлар ва табиат жонкуярларининг бонг уришларига ҳамма ҳам жиддий эътибор қаратаётгани йўқ. Айниқса, АҚШдек ривожланган давлатнинг глобал иқлим ўзгаришига саноат ўсишининг алоқаси йўқ деб, баёнот бериши ва бу борадаги халқаро шартномани тарк этиши жаҳон аҳли учун кутилмаган ҳол бўлди. Бироқ, Қўшма Штатларнинг бу қадами табиат томонидан жавобсиз қолмади. Ўтган йилда мамлакатнинг айрим минтақаларида кузатилган ўрмон ёнғинлари, сув тошқинлари ҳамда қишнинг ҳудудга хос бўлмаган қаҳратонли кунлари америкаликларга кўзингни оч, дегандек бўлди, гўё.
Таъкидлаш керак, мамлакатимизда ҳам сувга бўлган эҳтиёжни қоплаш ўткир муаммо ҳисобланади. Афсуски, Оролни бой берсак-да, табиатнинг ноёб неъмати бўлган сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмади. Фақатгина, давлатимиз раҳбарининг жонкуярлиги туфайли сўнгги йилларда бу борада амалий ишларга қўл урилди. Сувни энг кўп талаб қиладиган техник ўсимлик – пахта экиш сезиларли даражада камайди ва камайтирилмоқда. Қишлоқ хўжалигига Хитой, Исроил каби давлатларнинг тажрибада ўзини оқлаган томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш борасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланмоқда. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, хусусан, денгиз саҳроси ўрнида ўрмонзорлар барпо этиш, минтақа аҳолиси учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш учун катта кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси, мамлакатимизда табиатга бўлган муносабат ўзгаргани, табиат неъматларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш маданияти ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Дилшод Исломов