МТС Туркманистондан 1,5 млрд доллар ундирмоқчи

Фото: РИА Новости

РОССИЯНИНГ МТС мобил алоқа оператори Туркманистондан 1,5 млрд доллар ундириб беришни сўраб судга мурожаат қилган. Компаниянинг интернет сайтида бу ҳақда берилган хабарда, судга даъво ариза билан мурожаат этишга ушбу мамлакатда МТС фаолияти тўхтатиб қўйилгандан сўнг кўрилган зарарни қоплаш мақсади сабаб бўлгани айтилган.
Хабарда жумладан, “Айни вақтда МТСга етказилган зарар миқдори 1,5 млрд долларга тенг деб баҳоланмоқда. МТС ўз манфаатларини арбитраж орқали ҳимоя қилишга қатъий киришган ва кўрилган зарар қаноатлантирадиган даражада қопланмагунча ҳуқуқини ҳимоя қилишда давом этади ”, — дейилган.
Компаниянинг Туркманистондаги бўлими «МТС Туркманистон» ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганидан сўнг, ўтган йилнинг июл ойида МТС Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион низоларни кўриб чиқиш бўйича халқаро марказга ушбу давлатнинг устидан арз қилган эди. Ўша пайтда МТСга етказилган зарар 750 млн долларга тенг деб баҳоланган.
Компания матбуот-хизматининг тушунтиришича, кўрилган зарар миқдори жорий йилнинг март ойида ўтказилган охирги мустақил баҳолашдан келиб чиққан ҳолда оширилган.
Иш судда қачон кўрилиши эса ҳали белгиланмаган.