Исроил Ливан чегараларига дахл қилди

ЛИВАН ўзининг сув ва ҳаво кенгликларига бостириб киргани учун Исроилни айблади. Бунга чегарада юз берган иккита ҳолат сабаб бўлган.
13 апрел куни деярли бир вақтда исроилликларнинг учувчисиз бошқариладиган учувчи аппарати Ливан ҳаво кенгликлари дахлсизлигини бузган бўлса, ҳарбий катери мамлакатнинг сувдаги чегараларини кесиб ўтган. Бу ҳақда Ливан ҳарбий Бош қўмондонлиги маълум қилди.
Ҳарбийларнинг тасдиқлашича, учувчисиз аппарат паст баландликда мамлакат жанубидаги Маржон ҳудудида жосуслик ҳаракатларини амалга оширган. Бундай ҳаракат Исроилнинг ҳарбий катери томонидан ҳам такрорланиб, у денгиз чегарасидан 535 метр ичкарига кириб борган.
Чегара бузиш ҳолатлари Ливанда фаолият олиб бораётган БМТнинг тинчликпарвар кучлари томонидан аниқланган.
Айрим экспертлар Ливан америкалик ҳарбийларнинг таянч нуқтасига айланишини таъкидламоқдалар. Яқинда АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг ушбу мамлакатга келиб-кетгани ҳам Қўшма Штатлар Ливаннинг соҳилбўйи ҳудудларидан бирида ҳарбий база қуриш ҳаракатида эканини тасдиқлайди.