Қирувчини ва учувчини қидириш давом этмоқда

ЯПОНИЯ қуролли кучларига тегишли бешинчи авлодга мансуб F-35A қирувчи-бомбардимончиси Тинч океанига қулаб тушгани ва унинг айрим қисмлари топилгани, учувчидан эса дарак йўқлиги ҳақида хабарлар берилганди.
Қирувчининг баъзи бўлаклари тахминий ҳалокат жойи деб қаралган ҳудуддан топилган. Бу ерда айни пайтда ҳарбий авиация ва кемалар иштирокида қутқарув-қидирув ишлари кечасию кундузи олиб бориляпти.
Америкалик ҳарбийлар океан тубида ётган учоқ руслар ёки хитойликлар қўлига тушиб қолишидан хавотир олаяпти. Агар бу ҳолат юз берса, унда АҚШ ва унинг иттифоқчилари мудофаа қобилиятига жиддий зарар етади. Чунки, Пентагон бешинчи авлодга мансуб F-35 қирувчи-бомбардимончилари ўта замонавий технологиялар билан жиҳозланганини, унинг “сир”лари ошкор бўлса, уларнинг “кўринмаслиги” йўқолишини таъкидлаб келади.
F-35A қирувчиси 9 апрел куни “Мисава” ҳарбий базасидан ҳавога кўтарилган ва океан устида машқ парвозини бажараётган вақтда Аомори префектураси қирғоқларидан тахминан 135 км олисликда бўлганида радарлар экранларидан ғойиб бўлган.
Бу турдаги учоқлар Япония ҳарбийлари ихтиёрига 2018 йилда топширилган эди. Ҳозирда “Мисава” базасида ҳар бирининг баҳоси 107 млн доллар бўлган F-35A дан 12 таси турибди. Яқин беш йил ичида японлар яна 27 та шундай учоқ харид қилишни режалаштирган.