Туркия ўзбекистонлик журналистлар ва фоторассомлар нигоҳида

ТОШКЕНТ фотосуратлар уйида Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган фотокўргазма шундай номланди. Халқимизни турк маданияти, урф-одатлари, маросимлари ва меъморчилик анъаналари билан яқиндан таништириш ва икки мамлакат маданий алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмада 100 га яқин фото ишланмалар намойиш этилди.
Туркия элчихонаси матбуот атташеси Давут Ғази Бенлининг айтишича, сўнгги икки йил мобайнида Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида 30 га яқин ўзбек журналисти Туркияда ташкил ўтказилган тадбирларда иштирок этди. Журналистлар Туркияга ташрифи доирасида мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, турк халқининг яшаш тарзи, тарихи, меъморчилик обидалари, табиатига оид билимларини бойитиб, қайтди.
Кўргазмада намойиш этилган фото намуналарда ўзбек журналистларининг нигоҳига муҳрланган Туркия манзараларини кўришимиз мумкин. Мазкур фотосуратлар орасида interpress.uz янгиликлар сайти муҳаррири Абдували Сойибназаров томонидан тақдим этилган Туркия манзараларини ифодаловчи фотосуратлар ҳам ўрин олган.
Ушбу кўргазма мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон – Туркия маданий алоқаларининг амалий натижаси сифатида қайд этилди.