Бангладеш элчихонасида янги йил байрами нишонланди

14 АПРЕЛДА – Бангладешда янги йил байрами нишонланади. Шу муносабат билан Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида бенгалча янги йил байрами нишонланди. Одатдагидек, байрамга болалар таклиф этилди. Бангладеш элчихонасининг бирор бир тадбири ва маросими болаларсиз ўтмайди. Улар иштирокида яна турли бенгалча миллий ўйинлар, мусобақалар ташкил этилди. Элчи Масуд Моннан жаноблари байрам иштирокчиларини табриклади, Бангладеш-Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ва эртанги истиқболи хусусида сўз юритди.   

Бенгалча Янги йил Ғарбий Бенгалияда, Бангладеш ва Ҳиндистоннинг Ассам ҳамда Трипури каби бенгал жамоаларида нишонланади. Диний мансублигидан қатъий назар, айёмни барча фуқаролар муносиб кутиб олади. Бангладешда байрам миллий мақомга эга ва у 14 апрелда нишонланади, Ғарбий Бенгалия ва Ассамда штатнинг расмий байрами мақомига эга бўлиб, 15 апрел куни тантана қилинади.

Бенгалча янги йил ҳиндларнинг қуёш тақвимига асосланган. Ҳиндистоннинг бошқа минтақалари (Керала, Тамил-Наду, Ассам, Манипур, Орисса) ва Жануби-шарқий Осиё (Камбоджа, Лаос, Мьянма, Таиланд) даги ўхшаш фестиваллар билан бир пайтда байрам қилинади.  

Бобурийлар ҳукмронлиги даврида қишлоқ хўжалиги солиқлари мусулмонлардан хижрий тақвим асосида йиғилган.  Бироқ исломий тақвим Ойли бўлгани сабабли солиқ олиш вақти ҳосил йиғиш вақти билан мос тушмас эди. Натижада, деҳқонларнинг солиқларни мавсумдан ташқари пайтда тўлаши мураккаб бўлган. Солиқ йиғиш жараёнини енгиллаштириш мақсадида Акбаршоҳ тақвим ислоҳотини ўтказишга фармон берган. Таниқли олим ва астроном Фатхуллоҳ Шерозий исломий Ой ва ҳиндларнинг қуёш тақвими базасида бенгал тақвимини яратди.  Янги қишлоқ хўжалик йили 1584 йилнинг 10/11 мартида жорий этилди, бироқ Акбаршоҳнинг тахтга ўтириши санаси – 1556 йилдан ҳисобланади. Кейинчалик янги йил “Бенгал янги йили” номини олди. 

Ўшанда, Акбаршоҳ бошқаруви даврида Янги йил байрамини нишонлаш анъанаси бошланди. Бенгалларнинг эски йилнинг охирги кунида ўзининг барча қарзларини ҳисоб-китоб қилиши, янги йилнинг биринчи куни эса бой бенгаллар ўз ходимларини ширинликлар билан меҳмон қилиши одат тусига кириб борди. Янги йил куни шунингдек, улкан ярмарка ва байрамлар ташкил этила бошланди. Бора-бора Янги йил байрами бенгаллар турмуш тарзининг бир қисмига айланди.  

Байрам кунлари янги, қимматбаҳо кийимлар кийиш, кун мобайнида қариндошлар, дўстлар ва қўшниларни бориб кўриш урфга айланган. Хуллас, бу жиҳатдан бенгаллар урф-одати ўзбекларникига ўхшаб кетади.

Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ташкил этилган байрам тантаналари ҳам барчага бирдек қувонч улашди.