“Янги медиа асослари ўқув машғулоти” бошланди

ЎЗБЕКИСТОН ҳамда ТУРКИЯ раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Чунончи, ўтган даврда икки томонлама амалга оширилган давлат ташрифлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, адлия, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги – ТИКА, Туркия Республикаси Бош Вазир девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти бўлиб, 1992 йилда ташкил топган. Ҳозирда ТИКАнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140 га яқин мамлакатда, 50 дан ортиқ ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда Агентлик томонидан шу кунгача 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Агентлик иштирокида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбекистонлик журналистларнинг Туркиядаги нуфузли телерадикомпания тизимларида малакасини ошириш масаласига эътибори кучайтирилди.
Бугун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Медиа марказида ТИКА ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида “Янги медиа асослари ўқув машғулоти”нинг бошлангани соҳадаги алқаларни, тажрибавий алмашинувларни йўлга қўйишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. 19 апрелгача давом этадиган машғулотларда туркиялик соҳа мутахассислари ахборот олиш ва тарқатиш масалалари юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.
Туркиянинг Ўзбекистондаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги раҳбари Али Ихсан Чаглар ўқув машғулотларидан кўзланган мақсад янги медиа маконда ахборотни тайёрлашнинг дозарб вазифалари хусусида фикр алмашиш, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан Туркия телеканаллари ўртасида журналистларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишдек лойиҳаларни амалга ошириш эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бундан олдин ҳам бундай лойиҳалар бир неча марта амалга оширилган.