Орол саҳроси – мўъжизалар маконига айланади

МАЪЛУМКИ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Орол бўйидаги мазкур туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор чора тадбирлар белгилаб берилган эди. Хусусан, туманда умумий қиймати 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўмлик 2019-2021 йилларга мўлжалланган 125 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Алоҳида қайд этиш керак, ўтган қисқа фурсат ичида мазкур лойиҳалардан бир нечтаси – 245 ўринли маданият уйи, 1000 ўринли стадион ва 800 ўринга мўлжалланган амфитеатр фойдаланишга топширилди.
Туманда янги иш ўринлари ташкил этиш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Мисол учун, яқин кунларда Чехия Республикасининг тузни қайта ишлашга мўлжалланган “Eriell” компаниясининг корхонаси фаолиятини бошлайди. 600 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш режалаштирилган “Ўзпахтасаноат” АЖнинг текстил фабрикаси ҳам ҳадемай ишга тушади. Шунингдек, Мўйноқ балиқ консерва заводи биноси қурилиши ҳам сўнгги паллада. Август ойига қадар ишга туширилиши кутилаётган ушбу заводга Мўйноқ атрофидаги Судоче, Жалтирбас, Междурече каби 18 та кўлдан балиқ етказиб берилади.
Ибратга молик ишлардан бири сифатида Оролнинг қуриган майдонларида қудуқлар қазилаётганини таъкидлаш мумкин. Ҳозиргача 12 та қудуқ қазилиб, чорвадорлар учун истеъмолга яроқли сув чиқариб берилмоқда. Бу билан туманда балиқчиликдан ташқари чорвачиликни ривожлантиришга ҳам имконият яратилмоқда.
Мўйноқдан 200 километр шимолда – Оролнинг қоқ марказида, аввалги Возрождение ороли майдонида мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилиб, яшил воҳа барпо этилаяпти.
– Бу ерга 16 турдаги ўсимлик турларини экканмиз. Уларнинг ичида ўрик, олма, олча, жийда, тут, узум каби мева дарахтлари, голланд атиргуллари, туя каби манзарали дарахтлар ҳам бор, – дейди лойиҳа раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Зиновий Новицкий.
Мазкур лойиҳадан мақсад, мазкур майдонда тажриба тариқасида яшил воҳа яратишдир. Келажакда бу ерда сайёҳлар ташриф буюриб, сўлим табиат қўйнида маза қилиб дам олиши учун барча шароитлар яратилади.
Яна бир йирик лойиҳа саҳро ўрмони барпо этишдир. Ушбу мақсадда бугунги кунда денгизнинг қуриган майдонининг 468 минг гектарига саксовул экилган. Мутахассислар ҳар гектар майдондаги саксовулларни назоратга олишган. 2019 йилда 500 минг гектар майдонга ариқ тортиш ишлари белгиланган бўлса, амалда 1 миллион 126 минг гектар майдонга ариқ қазилди. Ушбу ариқларга унумдор тупроқлар кўчиб келиб жойлашмоқда.
Экилган саксовул 2-3 ёшидан бошлаб натижа бера бошлайди, яъни 2-3 ёшида улар Оролқумдан кўтарилаётган чанг-тўзонларнинг 20-30 фоизини ушлаб қолади. Беш ёшда бу кўрсатгич 70-80 етади, 7-8 ёшида 100 фоиз чанг бўронларини сақлаб қолиш хусусиятига эга. Бу ерда фақат саксовул эмас, қарабарақ ўсимлиги уруғлари ҳам экилган. Бундан ташқари, ўрмон хўжалиги тизимидаги ташкилотлар томонидан бугунги кунда 250 гектар майдонда питомниклар ташкил қилинган.
Муҳим янгиликлардан бири – экилаётган саксовуллар орасига хитойлик мутахассислар цистанхе ўсимлигини экиш лойиҳаси билан қатнашмоқчи. Цистанхе – чўлда ўсимлиги бўлиб, кўпинча саксовулларнинг тубида етилади. Саҳро женщени деб ном олган ушбу ўсимлик, аслида женщендан 5 карра кучли эканлиги таъкидланади. Маҳаллий аҳоли уни олтин томир дейишади. Жаҳон бозорида ўсимлик илдизининг 1 килоси 200 доллардан 500 долларгача сотилади.
Оролбўйида бу каби хайрли ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари йилига 500 минг гектарлик “яшил қоплама” яратиш вазифасини қўйган. Юқорида айтилганидек, айни пайтгача 468 минг гектар майдонга уруғ сепилган бўлса, яна 1 миллион 100 минг гектар майдон экишга тайёрлаб қўйилган. Хуллас, бугунги кунда Оролбўйи ҳақиқий мардлик, матонат майдонига айланган. Бу заҳматли меҳнатлар, фидойилик намуналари минтақадаги экологик фаолкат оқибатларини юмшатишга, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.