Жанубий Кореядан 2000 дона пианино

ЖАНУБИЙ Кореянинг “Booyoung Housing” компанияси мамлакатимиздаги таълим муассасаларига 2000 дона рақамли пианино совға қилди. Мусиқий жиҳозларни беғараз етказиб бериш тўғрисидаги келишув президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида имзоланган эди, дейилади Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Компания 16 апрел куни энг сўнгги пианинони етказиб берди. Қорақалпоғистон МТБга 151, Хоразм вилоятига — 63, Қашқадарё вилоятига — 54, Сурхондарё вилоятига — 88, Жиззах вилоятига — 28, Тошкентга — 9, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига эса бир донадан пианино топширилди.
Совға қилинган пианиноларнинг қолгани қисми ҳам тегишли тартибда таълим муассасаларига тақсимланган. Шунингдек, лойиҳага кўра Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар учун ҳам рақамли пианинолар топширилган.
Лойиҳанинг мактабгача ёшдаги болаларнинг бадиий-эстетик, мусиқий тарбияси ва таълимига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Бундан ташқари, у президент Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчиларда мусиқа, ранг-тасвир, адабиёт, театр ва бошқа санъат йўналишларидаги кўникмаларини аниқлаш, шунингдек аҳоли маданиятини юксалтиришга қаратилган беш ташаббусини амалга оширишда кўмаклашади.