«Apple» тиббиётда янги давр бошланганини эълон қилди

АМЕРИКАНИНГ IT гиганти “Stanford Medicine” компанияси билан ҳамкорликда “Apple Watch” смарт соати ёрдамида томир уриши меъёрини тадқиқ қилди.
Илмий тадқиқот саккиз ой давом этди ва унда 400 мингга яқин кўнгилли иштирок этди. Улар “Apple Watch” воситасида томир уришини назорат қилиш баробарида, юрак ўйнаши аломатлари бор-йўқлигини ҳам кузатиш имконига эга бўлдилар.
Албатта, ақлли соатларнинг электрокардиограмма қилиши янгилик эмас. Бироқ, дастурнинг янгиланиши юрак уриши фаолиятида бузилиш бор-йўқлигини аниқлаш имконини беради.
Тадқиқот натижалари Янги Орлеандаги Америка кардиологлари коллежида ўтказилган конференцияда маълум қилинди ва бу шифокорларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу мавзудаги қизғин муҳокамаларда фақатгина “Apple Watch” билан чегараланиб қолмасдан, сотувга чиқарилаётган барча гаджетларнинг касалликларни аниқлаш борасидаги функцияларини такомиллаштириш хусусида таклифлар билдирилди.
Тиббиёт жамоатчилигининг айрим вакиллари ушбу тадқиқотга жуда кўп иштирокчи жалб этилгани ва бу ҳолат олинган натижаларга нисбатан ишонч уйғонишига сабаб бўлганини таъкидладилар. Айрим мутахассислар эса “Apple Watch”дан фойдаланиш касалликни аниқлаш билан боғлиқ маълумотлар нотўғри талқин этилишидан ташвиш билдиришди. Шундай бўлса-да, анжуман иштирокчиларининг кўпчилиги тадқиқот натижаларини маъқуллаб, фақат уларга дастлабки текширув натижаси сифатида қараш лозимлигини айтдилар.
Қайд этиш керак, “Apple” компанияси бир неча йиллардан буён “Apple Watch” смарт соатларидан фойдаланган ҳолда юрак фаолиятини назорат қилиш борасида “Johnson & Johnson” фармацевтика компанияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.