Сув бу – ҳаёт, тириклик манбаидир

САЙЁРАМИЗДА ҳар йили 22 март Жаҳон сув заҳиралари куни сифатида нишонланади. Бу ташаббус 1993 йилда БМТнинг Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган конференциясида илгари сурилган эди.
Сув — ҳаёт мавжудлигининг исбот талаб қилмас ҳақиқати. Сув – барча тирик мавжудот давомийлигининг биринчи шарти. Бир томчи сув бу – ҳаёт кучи, тириклик манбаи.

Гарчи Ер шарининг 70 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг 97,5 фоизи шўр сувдан иборат. Оби-ҳаётнинг қолган 2,5 фоизи чучук сув бўлиб, унинг ҳам қарийб 68,7 фоизи — музликлар ҳиссасига тўғри келади. Инсон фойдаланишига яроқли бўлган сувнинг фақатгина бир фоизгина сайёрамиздаги сув ҳавзалари ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда деярли 663 миллион одам яшаш жойида истеъмолга яроқли сув бўлмаган ҳудудларда истиқомат қилмоқда.
Ўтган асрда сувдан фойдаланиш ҳажми 6 баробарга кўпайди ва бу аҳоли аҳоли сони кўпайишига нисбатан 2 баробар ортиқдир. Ривожланган давлатларда оби-ҳаётнинг 30 фоизи оқиб кетиш натижасида исроф бўлаётган бўлса, айрим йирик шаҳарларда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этаяпти.
Сув фақатгина чанқоқни қондириш, соғлиқ ва ҳаёт мавжудлигини таъминлаш воситаси бўлибгина қолмай, иқтисодий, ижтимоий ва инсон тараққиётининг барча жабҳаларида катта ўрин тутади.
Оби-ҳаётнинг сайёрамиз ва унинг аҳолиси ҳаётида тутган бениҳоя катта ўрнини ҳисобга олган ҳолда, юқорида айтилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1993 йилнинг 22 февралида март ойининг 22 санаси Жаҳон сув заҳиралари куни деб эълон қилинган. Ташкилот барча давлатларни ушбу санани нишонлашга ва миллий даражада сувни тежаб-тергаш борасида амалий ишларни доимий давом эттиришга чақириб келмоқда.
Жаҳон сув заҳиралари куни нишонланишидан қуйидаги асосий мақсадлар:
— аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
— чучук сув ва сув заҳираларини асраб-авайлаш ва улардан тежамкорлик билан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида аҳолини доимий хабардор қилиб бориш;
— Жаҳон сув заҳиралари кунини нишонлашга ҳукуматларни, халқаро агентликларни, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамда хусусий секторни жалб қилиш кўзда тутилган.
Шунинг баробарида ҳар йили мазкур сана бирон мавзуга бағишланган ҳолда нишонланиши яхши анъанага айланган. Жумладан, ўтган йиллар мобайнида Жаҳон сув заҳиралари куни «Сув заҳираларимиз ҳақида қайғуриш ҳар биримизнинг бурчимиз», «Сув ва аёллар», «Дунёда сув етарлими?», «Сизот сувлар — кўринмас заҳира», «Сув заҳиралари саломатлик учун», «Сув заҳиралари ва табиий офатлар», «Сув заҳиралари ва маданият» ҳамда «Сув ва табиат» каби шиорлар остида нишонланди.
Маълумотларга қараганда, сайрамиздаги 2,1 миллиард киши уй шароитида истеъмолга яроқли сувдан бевосита фойдаланиш имконига эга эмас. Бутун дунёдаги бошланғич мактабларнинг тўртдан бир қисми сув таъминоти билан жиҳозланмаган ва шу боисдан ўқувчилар хавфсизлиги кафолатланмаган сув истеъмол қилишга мажбур бўлаяпти ёки чанқоқни қондириш имконига эга эмас.
Дунёда ҳар йили беш ёшдан кичик бўлган 700 нафарга яқин бола нотоза сув ичиш орқали келиб чиққан диарея ёхуд ёмон санитария шароитлари туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.
Дунёнинг 80 фоиз аҳолиси хавфсизлиги кафолатланмаган сувдан фойдаланади ва улар қишлоқ жойларда истиқомат қилади.
Ҳар куни 800 га яқин аёл оғир шароитда кўз ёраётган вақтда ҳаётдан кўз юмади.
Ер аҳолисининг 159 миллиони истеъмол учун очиқ сув ҳавзалари – ҳовуз ва дарё сувларидан фойдаланади.
Қарийб тўрт миллиард одам – дунё аҳолисининг учдан икки қисми йил давомида камида бир ой сув танқислигига дучор бўлаяпти.
2030 йилга бориб дунё бўйича 700 миллион киши сув танқислиги сабабли яшаб турган жойларидан бош олиб кетишга мажбур бўлади.
Бу рақамлардан кўринадики, чучук сув масаласи йилдан йилга ўткир муаммога айланиб бормоқда. Айрим сиёсатчилар ҳатто давлатлар ўртасида сув учун уруш бошланиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмаслигини башорат қиляптилар. Буларнинг бари, сув нақадар бебаҳо неъмат эканини, ундан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлигини кўрсатади. Бунга айниқса, келажагимиз эгалари – фарзандларимизнинг онгига болаликданоқ сингдиришимиз, сувнинг қадри нақадар баланд ва азиз неъмат эканлигини тушунтириб боришимиз лозим. Шундагина ўсиб келаётган авлоднинг табиат неъматларига, жумладан, сувга бўлган муносабати ҳам ижобий томонга ўзгаради. Бу эса оби-ҳаётдан тежамкорона, оқилона фойдаланиш деганидир.
Дилшод Исломов