Маиший чиқиндилар – умуминсоният муаммоси

СТАТИСТИК маълумотларга кўра, дунё бўйича кунлик ташланаётган маиший чиқиндиларнинг фақат учдан бир қисми қайта ишланади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, давлатимиз раҳбарининг хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини бир неча бор таъкидлади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишида шу масала марказий ўрин эгаллаганди.
Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги фармонига мувофиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қайта ташкил этилиб, унинг зиммасига экологик ҳолатни яхшилаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш борасида улкан вазифалар қўйилди.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тубдан яхшилаш юзасидан комплекс дастур қабул қилиниб, молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб берилди.
Тизимда 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва уларнинг 174 та туман (шаҳар) филиали ташкил этилди. Ушбу унитар корхоналар балансига 1 минг 300 та махсус техника, 1 мингта чиқинди тўплаш майдончаси, 5 минг 800 та контейнер ва 172 та полигон ўтказилди. Ўтган йили қўшимча 305 та чиқинди тўплаш майдончаси қурилиб, 2 мингдан зиёд контейнер билан жиҳозланди. Республика бўйича жами 295 та полигон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг кадастри тузилди, 97 та чиқинди полигони тартибга келтирилди. Қўмита қошида маиший чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди. Бироқ, бу соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ва қилинадиган ишлар жуда кўп. Масалан, мамлакатда 53 фоиз аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатилади, холос. Шундан атиги 15 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Деярли барча қишлоқларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиш умуман йўлга қўйилмаган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу дастурда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, чиқинди йиғиш майдончаларини намунавий лойиҳалар асосида оптимал ташкил этиш, чиқинди ташиш махсус техникалари харидини кўпайтириб, қишлоқ аҳолисини санитар-тозалаш хизматлари билан босқичма-босқич қамраб олиш, давлат-хусусий шериклик принципи асосида “Тоза ҳудуд” унитар корхоналари буюртмасига кўра соҳада тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари назарда тутилади. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, “Германия, Бельгия, Япония, Голландия, Швеция каби мамлакатларда 60-65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланишини таъкидлаш зарур, 20-25 фоизидан энергия олинади, қолган қисми ёқилади. Яъни чиқиндини полигонларда кўмишга ҳам эҳтиёж йўқ. Бунинг натижасида ер ресурслари тежалади, иқтисодий самарага эришилади ва атроф-муҳитга салбий таъсир камаяди. Финляндияда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган компаниялар кўмагида биргина 2016 йилда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 42 фоизи иккиламчи хомашёга, 55 фоизи энергияга айлантирилди. Яна бир жиҳати, Финляндиядаги қоғоз, автошина, маҳсулотни қадоқлаш, автомобиллар, электроника товарлари чиқарувчи корхона ва компаниялар ўз маҳсулотлари чиқиндиларини йиғишга жавобгар ҳисобланади.
Бугун дунё ҳамжамиятини ташвига солаётган чиқиндилар муаммоси миграция ва аҳоли сонининг ўсиб бориши, истеъмол эволюцияси, экологик саводсизлик каби омиллар ҳисобига янада чуқурлашмоқда. Шунинг учун қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда инфратузилма билан бирга технология танлаш масаласига масъулият билан ёндашиш лозим. Зеро, бу инсон саломатлиги ва табиат муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Бу борада Сурхондарёда ташкил этилган кластер фаолияти намуна бўла олади. Шунингдек, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ишларини тизимли ташкил этиш масаласи ҳам эътиборда. Пластик, полиэтилен ва бошқа қадоқлаш материалларини тўплаш, утилизация қилиш ёки қайта ишлашга топширишда иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларни рағбатлантириш механизмини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу борадаги ишлар замирида одамларнинг соғлиғи, турмуш фаровонлиги ётибди. Шу боис, бу масала билан ҳар бир туманда ва доимий шуғулланиш лозим.
Албатта, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда.
Хусусан, қисқа муддатда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш, умумий қуввати йилига миллион тоннадан ортиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Кўрилган чора-тадбирлар аҳолини санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олиш кўламининг ўн баравардан зиёд ортишига имкон берди. Шу билан бирга, экологик хавфсизликни таъминлашга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини лозим даражада шакллантиришга айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда, хусусан, тегишли инфратузилмани қониқарсиз ҳолатга ва аҳоли пунктлари хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишининг таъминланмаслигига олиб келувчи маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат-хусусий шериклик етарли даражада жорий этилмаган; иккинчидан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмасликка олиб келаётган иккиламчи моддий ресурслардан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди; учинчидан, аҳоли яшаш пунктларининг ифлосланишига сабаб бўлаётган полимер плёнкали материаллардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилган ва улар тарқалган, шунингдек, муқобил биологик чирийдиган материаллардан фойдаланиш тизими мавжуд эмас; тўртинчидан, содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, жумладан, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортилмаслик ҳиссининг пайдо бўлишига олиб келаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга чора кўриш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизими самарасиз; бешинчидан, соҳада мамлакатнинг ҳақиқий санитария-экологик ҳолатини баҳолаш имконини берувчи замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари мавжуд эмас.
Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминланганлиги даражасини ошириш, шунингдек, экологик муаммоларни ҳал этишдаги мавжуд имкониятларни ишга солиш мақсадида 2018 йил 18 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган.
Шу асосда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш фаолиятини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳудудлари тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида чиқинди тўплаш шохобчаларида лозим даражадаги тозаликни таъминлаш, шунингдек, маиший чиқиндиларни мустақил равишда саралаш шарти билан бириктириб берилади; маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида бириктириб бериш фақат танлов асосида, ноль ставкадан бошланувчи электрон аукцион йўли билан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади;
жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилади.
Мухтаасар қилиб айтганда, кўрилаётган чора-тадбирларнинг барчачи инсон саломатлиги, миллат генофондини асрашга хизмат қилади.