ТОШКЕНТДА ХАЛҚАРО ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

ПОЙТАХТИМИЗДА Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда 23-24 апрель кунлари халқаро давра суҳбатлари ўтказилди.
Халқаро давра суҳбатларида Бош прокуратура, адлия ва молия вазирликлари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг бошқа аъзолари, давлат органлари ва корхоналарининг масъул ходимлари, Бизнес Омбудсман, Савдо-саноат палатаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирлар давомида бизнесни халқаро стандартлар ва нормалар, одоб-аҳлоқ ва масъулият билан олиб бориш сиёсатини илгари суриш, мамлакатда ижобий иш тажрибасини шакллантириш ва хусусий сектор ташкилотлари томонидан бизнеснинг ҳалоллиги бўйича халқаро стандартларни жорий қилишни рағбатлантириш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс-дастурларни жорий этиш учун хавфларни баҳолашни ўтказиш юзасидан тақдимотлар ташкил этилди ва муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, “Жаҳон банки давлат бошқаруви индикаторларидаги Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш” мавзусида муҳокамалар ташкил қилинди. Тадбирда коррупцияни баҳолаш индикаторлари коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида маълумот берувчи муҳим манба эканлиги, у коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши таъкидланди.
Давра суҳбатида халқаро экспертлардан А.Тимилсин (Сингапур), И.Котетишвили (Туркия), И.Бурдикова, И. Лебедев (Россия), А.Султан ва С.Хершман (АҚШ), Валид Хайдер Малик ва Арман Ватян (Жаҳон банки)лар маъруза билан иштирок этди.
Тадбирда бизнесни ҳалол олиб бориш ҳамда келгусида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларини яхшилаш, бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.