Кўп квартирали уйлар бўйича қонун қабул қилинади

МАМЛАКАТИМИЗДА кўп квартирали уйлар уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан бошқарилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кўп квартирали уйларни сақлашга доир муносабатларни ширкатлардан ташқари бошқа тузилмалар ҳам турли усуллар орқали бошқаради.
Шундай аралашувларга чек қўйиш масаласида қонун ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Шу муносабат билан кўп квартирали уйлар бошқарувига мутасаддилик қилиш фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи аниқ қоидалардан иборат қонун қабул қилиш зарурати туғилди.
«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шу муносабат билан ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни бошқариш муносабатларини тартибга солиш, бошқарув шакллари, бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари белгиланмоқда. Уларни тузиш, фаолият юритиши, шунингдек, давлат бошқаруви ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларини тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини халқаро тажрибалар асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.