Кўнгиллилар Эверестга ёрдам бермоқда

Фото: wikipedia.org

НЕПАЛ ҳукумати яқинда кўнгиллилар ёрдамида Эверест тоғларини чиқиндилардан тозалаш режаси борлиги ҳақида маълум қилган эди. Ушбу хабардан кўп ўтмай, кўнгиллилар табиатни қутқаришга жалб этилди.
Маълум бўлишича, 14 нафар кўнгилли икки ҳафта давомида Эверест тоғида уч тонна чиқинди йиғишга муваффақ бўлган. Саккиз минг метр баландликдаги чўққиларда сайёҳлар томонидан қолдирилган чиқиндиларни йиғиш ишларида эса тикучарлардан фойдаланилган.
Тўпланган чиқиндилар бўш идишлар, шишалар, алпинистларнинг асбоб-анжомларидан иборат. Шунингдек, ҳалок бўлган тўрт нафар инсоннинг жасади топилган.
Кўнгиллилар Эверестни чиқиндилардан тозалашга қаратилган тадбир 45 кун давом этишини маълум қилган. Бундай тадбир 2017 йилда ҳам ўтказилган ва шу мақсадда ташкил этилган экспедиция Эверест чўққиларидан беш тонна чиқинди йиққан эди.