“Математикани қўлга ол” кўргазмаси очилади

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ Гёте институти мамлакатимизнинг учта шаҳрида «Математикани қўлга ол!» кўргазмасини ўтказмоқда. Уларнинг иккитаси Урганч ва Андижон шаҳарларида ўтказилди. 15 майдан 15 июнгача давом этадиган учинчи кўргазмага Тошкент мезбонлик қилади.
«Математикани қўлга ол!» («Mathematik zum Anfassen»)— Германиядаги Гисен шаҳри „Mathematikum“ музейи интерактив кўргазмаси бўлиб, барча ёш тоифасидаги ташриф буюрувчилар учун мўлжалланган. 2002 йил очилганидан бери музей мисли кўрилмаган муваффақият қозонмоқда: ҳар йили 150000 иштирокчининг кўргазмадан кўнгли кўтарилади.
Кўргазма Европа, Америка ва Осиёнинг (шу жумладан, 2011 йили Тошкентда ўтказилган) кўплаб мамлакатларида намойиш этилган ва энди яна Ўзбекистонга қайтди.
Тадбир математика, информатика, табиий ва техник фанларга бўлган эътибор ва қизиқишни кучайтиришга, немис тилидаги айрим фанларни ўргатишга кўмаклашишга йўналтирилган. Кўргазманинг асосий ғоясини педагог Песталоцци таъбири билан қисқача ифодалаш мумкин: «Онг, қалб ва қўл билан». Экспонатларнинг барчаси ўйналувчи томони билан кўрсатилган. Уларнинг ҳеч бири математикани «қўрқув туғдирадиган фан» сифатида эслатмайди. Уларнинг ҳар бири «Мен билан қийин эмас, мени ўйнасанг тушунасан!» деб гапиради.
Ушбу интерфаол кўргазма ўз вақтида Германия президенти Йоханнес Раунинг эътирофига сазовор бўлган. «Математика менга ҳузур бахш этди. Буни мен кўргазмада ҳис қилдим», – деган эди Рау.
Кўргазма 15 май куни 15.00 да Амир Темур кўчасида жойлашган Тошкент политехника музейида очилади.