Ўзбекистон-Европа Иттифоқи: ҳамкорликнинг янги даври

Фото: uza

КЕЧА Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида 10 май – Европа куни муносабати билан “Европа ва Марказий Осиё: ҳамкорлик йўллари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаларига, давлат бошқаруви идоралари фаолиятига замонавий илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш ва татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда халқаро экспертлар президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Германияга ташрифи нафақат Ўзбекистон – Германия, балки Европа Иттифоқи билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар менда катта таассурот қолдирмоқда, – дейди Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Томас Кунц. – Мамлакатингиздаги ушбу ўзгаришларни бутун дунёда, хусусан, Германияда ҳам алоҳида эътироф этишмоқда. Ўзбекистон ана шундай ўзгаришлар ва ижобий натижаларга ўз кучи билан эришаётганини қайд этиш жоиз. Биз янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётига гувоҳ бўлаяпмиз ва уни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси 2007 йилда қабул қилинган. Унда узоқ муддатли минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларига урғу берилади. Стратегия вазирликлар даражасида мунтазам сиёсий мулоқотни ривожлантириш, қонун устуворлиги, таълим, атроф-муҳит ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликни кўзда тутади. Бунда минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги, хусусан, чегара назорати ва гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси билан боғлиқ умумий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш зарурлиги қайд этилади.
Тадбирда халқаро эксперт Ларс Ханзель ушбу стратегия доирасида ривожланиб келаётган Ўзбекистон – Европа Иттифоқи ҳамкорлик муносабатлари, хусусан, иқтисодиёт, ижтимоий, хавфсизлик соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталди.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Рустам Маҳмудов ўз маърузасида 2016 йилдан буён мамлакат ички ва ташқи сиёсатида рўй бераётган тизимли ўзгаришларнинг Ўзбекистон – Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига ижобий таъсири, ҳамкорликнинг 2040 йилгача мўлжалланган режалари юзасидан маълумот берди.
Uza хабарида айтилишича, учрашув сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга халқаро ва маҳаллий экспертлар атрофлича жавоб қайтарган.